Спорт | 13:08 / 14.02.2019
29049
7 дақиқада ўқилади

«Реал»да суғур куни. «Аякс»нинг голи нега бекор қилинди?

Фото: VI Images via Getty Images

«Қироллик клуби» Амстердамда ғалаба қозонди, бу ўйин ЕЧЛ тарихида видеотакрордан кейин гол бекор қилинган илк ўйин бўлди.

«Аякс» (Нидерландия) – «Реал» (Испания) – 1:2 (0:0)
Голлар: Бензема, 60 (0:1). Зиёш, 75 (1:1). Асенсио, 87 (1:2).
«Аякс» (Амстердам): Онана, Мазрауи, де Лигт, Блинд, Тальяфико, ван де Бек, де Йонг, Шене (Дольберг, 73), Зиёш, Тадич, Нерес.
«Реал» (Мадрид): Куртуа, Карвахаль, Серхио Рамос, Начо, Регилон, Каземиру, Кроос, Модрич, Бэйл (Васкес, 61), Бензема (Асенсио, 73), Винисиус Жуниор (Диас, 81).
Огоҳлантиришлар: Зиёш, 53. Регилон, 70. Васкес, 83. Серхио Рамос, 90.
Ҳакам: Скомина (Словения).
13 февраль. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони.
Жавоб ўйини – 5 март.

Самимий қабул
«Реал» футболчилари жойлашган меҳмонхонада ўйиндан олдинги тунда бир неча соат давомида амстердамлик мухлислар салютлар ва фейерверклар отиб, меҳмонларни қутлашди. «Амстердамга хуш келибсиз!». Балки, мадридликлар «Йоҳан Кройф Арена»даги ўйинни уйқусираб бошлагани сабаби шудир.

«Аякс» футболчилари эса биринчи бўлимда анча тетик эди - Эрик тен Хааг шогирдлари ёшлик шижоати билан илк дақиқаларданоқ ҳужумга ўтишди. Биринчи бўлимда ёш ва тезкор футболчилар амалдаги чемпионлардан устун эдилар: жаҳоннинг энг яхши таянч яримҳимоячиси саналадиган Каземиродан тўпни олиб қўйишди, 2018 йилги «Олтин тўп» соҳиби Модрични хатолар қилишга мажбур қилишди, «Реал» сардори, Мадрид жамоаси сафида юбилей - 600-ўйинни ўтказаётган Серхио Рамоснинг бошини айлантириб ташлашди. 

Тадич оффсайдда

«Аяксидлар» илк 45 дақиқаликда Куртуа дарвозаси томон кўп бора хавф солишди, гол бўлиши вақт масаласи эди: Мазрауи узоқ бурчакни аниқ нишонга ололмади, Тадичнинг зарбаси дарвоза устунидан қайтди, Зиёш жуда қулай вазиятни кўкка совурди. Ниҳоят, бўлим охирига яқинлашганда, 37-дақиқада Тальяфико бош билан дарвозани ишғол этди, футболчилар голни нишонлашди, стадион ҳайқириқлардан ларзага келди. Аммо барчаси бекор бўлди.

Чемпионлар лигаси тарихида илк марта урилган гол видеотакрордан кейин бекор қилинди (ЕЧЛда бу мавсум плей-офф ўйинларидан VAR тизими қўлланиши бошланди). Ўйин арафасида алмаштирилган арбитр Дамир Скомина (ўйинни аввалига польшалик Шимон Марциняк бошқариши белгиланганди, аммо ўйиндан икки кун олдин УЕФА бош ҳакамни алмаштиришга қарор қилди) ва видеоёрдамчилар «Аякс»ни голдан маҳрум этди.

Шу заҳоти бу ҳолат твиттер муҳокамаларида топга чиқди, интернет фойдаланувчилари Ajax, Courtois, #AJARMA ҳештеглари билан фикрлар қолдиришди. Кўпчилик нима бўлганини тушунмаётганди: «Аякс» бурчак зарбаси ижро этди, Куртуа қўпол хатога йўл қўйди ва кучсиз зарбадан кейин тўпни қўлидан чиқариб юборди, Тальяфико эса қайтган тўпни дарвозага жойлади. Бу ерда қандай хато?

Кўплаб такрорлардан кейин вазият ойдинлашади. Тальяфико зарба берган вазиятда Тадич Куртуанинг йўлини тўсиб қўйганди, шу билан биргаликда у кичик офсайдда қолганди. Бу вазиятда бир савол туғилади, бу эпизодда Куртуа барибир тўпга ета олмасди. Лекин дарвозабонга халақит бериш ҳолати бор эди, офсайд бор эди ва бу омиллар голни бекор қилиш учун етарли бўлди.

Бош ҳакам видеотакрорни кўриб чиқди ва таблога яна ноллар қайтди.

Винисиус ва Бензема тандеми
Танаффусдан кейин мадридликлар катта куч билан олдинга ташланишди, меҳмонларнинг кайфияти эса тушиб кетганди, энди Зиёш ва ван де Бекнинг узатмалари аниқ чиқмас, Тадичнинг ҳаракатларида ўткирлик ва тезкорлик йўқолганди. Биринчи бўлимда куч тежаган «Реал» эса амстердамликлар толиқиши туфайли пайдо бўлаётган бўш ҳудудлардан фойдаланиб хотиржамлик билан ҳужумлар уюштиришди.

60-дақиқада Мазрауи Винисиусга ета олмай қолди ва бразилиялик вингер рақиб жарима майдонига ёриб кириб, Бенземага тўпни қулай тарзда етказиб берди, француз ҳужумчи аниқ ва кучли зарба йўллади.

Зиёшнинг жавоби
Ўтказиб юборилган гол «Аякс»га ижобий таъсир қилди ва мезбонлар катта куч билан Куртуа дарвозасини қамал қила бошлашди. Вазиятлардан бирида Нерес чап қанотдан тўпни дарвоза қаршисида турган Ҳаким Зиёшга узатди ва ҳисоб тенглашди. Бу сафар ҳакам вазиятга аралашолмасди.

Қарши ҳужумлар барчасини ҳал қилади

Лекин «Аякс» дурангни сақлаб қололмади. «Реал» ҳар доим қарши ҳужумларда кучли бўлган. Биринчи бўлимдаги камдан-кам ҳужумлар ҳам хавфли чиққанди. Иккинчи бўлимда эса Модрич яна «Олтин тўп» соҳибига ўхшай бошлади, Кроос 40 метр масофаларга кросслар узата бошлади, Бэйл захирага олингач эса дарвоза томон ҳам зарбалар берди. 

Ўйиннинг охирги дақиқаларида меҳмонлар ҳал қилувчи голни уришди. Ҳакам де Йонгга қилинган фолга эътибор қаратмади, бу вақтда эса тўп бир узатма билан захирадан ўйинга қўшилган Марко Асенсиога етказилди.

Қайд этиш керакки, бу вазиятда ҳакам ҳужум вақтидаги фолга эътибор қаратмади - Васкес ўз йўлидаги де Йонгни йиқитиб ўтди. Бу вазиятга эътибор қаратмаслик учун ҳам сабаб бор - де Йонг тўпдан узоқда эди ва «Реал» ҳужумига халақит бера олмасди. Лекин биринчи бўлимда Куртуа ҳам тўпдан узоқдалиги, яъни «Аякс»нинг ҳужуми ривожига халал бера олмаслиги ҳисобга олинмасдан Тальяфиконинг голи бекор қилинганди. Бу ерда зидлик бор. 

Ўйиндан кейиноқ УЕФА расмий сайтида Тальяфиконинг голи нега бекор қилинганига изоҳ берилди - Тадич офсайдда бўлгани учун. Лекин сайтда де Йонгга ишлатилган фолга эътибор қаратилмаганига изоҳ берилмади. Бу ҳолат яна «Реал» билан содир бўлмоқда (ўтган ҳафтада Мадрид дербисидан кейин ҳам видеотакрорлар «Реал» фойдасига қарорлар қабул қилгани муҳокамаларга сабаб бўлганди).

«Реал» Амстердамдан ғалаба билан қайтди, интернетда эса Скоминанинг шахсий ҳаётига қизиқиш кучайди, VAR – «Реал»нинг видеоёрдамчисилиги ҳақида ҳазиллар давом этади.

Мавзуга оид