ОТМга тест синовлари бўйича жиддий ўзгаришлар юз бериши кутиляпти (батафсил)
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун ўтказиладиган тест синовлари тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқулланиши мумкин:
2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб:
амалдаги тартибни ўзгартирган ҳолда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказиш;
энг юқори баллнинг 30 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган, 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш ҳамда уларга учтагача таълим йўналишида танловда иштирок этиши учун имконият яратиш;
абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаларини танлашда имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослигини эътиборга олиш;
тест синовларини 2018 йилдаги тажрибадан келиб чиқиб, катта сиғимли бино ва иншоотларда ҳамда заруриятга мувофиқ қўшимча биноларда ўтказилишини давом эттириш;
2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:
тест фанлари мажмуасини икки бўлимга ажратиб, 1-бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш;
ёшларнинг она тили бўйича саводхонлигини ошириш ва аниқлаш мақсадида ёзиш кўникмаларини баҳолаш учун “Ўзбек тили”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича алоҳида синовларни ташкил этиш.
Белгилаб қўйилишича:
мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади;
абитуриентларнинг тест синовлари ва танловда иштирок этиши учун Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади;
олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим ундирилади (тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлар бундан мустасно). Ушбу йиғимлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари бепул асосда ўтказилади;
тест ўтказилган куннинг эртасига абитуриентнинг фанлар бўйича тест синовидан умумий тўплаган баллари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
абитуриентнинг синов натижаси бўйича олган бали тавсия этишга етарли бўлган олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)да ўқиш имконияти яратилади;
тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида олий таълим муассасалари таълим йўналишларига танлов ўтказилади;
ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги тест топшириқлари фақат лотин алифбосида тайёрланади;
тест синовлари жараёни учун таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлардан гуруҳ назоратчилари шакллантирилади;
тест синовлари жараёнига жалб этилган иштирокчилар (Давлат тест маркази вакили, бино раҳбари ҳамда гуруҳ назоратчилари)ни иш ҳақи билан таъминлаш, тест синовлари ўтказиладиган бино ёки иншоотларнинг ижара тўловлари Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
абитуриентлар сонининг кескин ўсиши, тест материалларини сифатли тайёрлаш ва ҳимоялаш билан боғлиқ иш ҳажмининг ортиб бориши, тест синовлари ўтказиладиган соҳа йўналишларининг кўпайишини инобатга олиб, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ Давлат тест марказининг асосий штатдаги ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 2,0 бараварга оширилади;
ходимлар илмий салоҳиятини ошириш мақсадида Давлат тест марказини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки унга тенглаштирилган хорижий давлатлар) илмий даражасига эга ходимларига 30 фоиз, фан доктори (DSc) (ёки унга тенглаштирилган хорижий давлатлар) илмий даражасига эга ходимларига 40 фоиз ойлик иш ҳақига устамалар тўлаб берилади;
Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг 80 фоизигача бўлган миқдори Давлат тест маркази директорининг буйруғига кўра, ходимларга лавозим маошининг 200 фоизи миқдоригача (аммо, 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда) ойлик устамалар тўлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги учун мукофот пули ҳамда уларнинг моддий рағбатлантирилишига йўналтирилади.
Мавзуга оид
17:46 / 28.10.2024
Apple саломатлик учун фойдали иловани синовдан ўтказди
18:39 / 11.10.2024
Абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди
15:03 / 14.08.2024
Ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари саналари эълон қилинди
14:00 / 09.08.2024