Спорт | 15:26 / 17.02.2019
9029
2 дақиқада ўқилади

«МЮ» Лукакуни сотиб, ўрнига Дибала ёки Икардини олиши мумкин

«Манчестер Юнайтед» ўз ҳужумчиси Ромелу Лукакуни ёзги трансферлар вақтида сотишни режалаштирган. Бу ҳақда Mirror нашри хабар бермоқда.

«Қизил иблислар» Лукакунинг сотувидан тушган пулларни янги ҳужумчи учун сарфлашни режалаштирган. Манба маълумотига кўра, клуб Мауро Икарди («Интер») ёки Пауло Дибалани («Ювентус») таркибга қўшиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, манчестерликлар «Бенфика»нинг ёш ҳужумчиси Жоау Фелишни ўз таркибига қўшиб олишни режалаштиришган.

Қайд этиш керакки, Дибала ҳам, Икарди ҳам ўз клуби раҳбарияти билан муаммоларга эга. «Интер»нинг аргентиналик ҳужумчиси охирги зиддиятлар туфайли сардорлик боғичидан маҳрум этилди ва асосий таркибдан тушиб қолди, «Ювентус»нинг аргентиналик футболчиси эса бош мураббий Массимилиано Аллегри билан зиддият туфайли асосий таркибда кам туширилмоқда.

Айни вақтда 25 ёшда бўлган Ромелу «Юнайтед»га 2017 йилнинг июлида 75 млн фунт (85,6 млн евро атрофида) «Эвертон» сафидан келиб қўшилганди. У жорий мавсумда Англия Премьер-лигасида 23 ўйинда майдонга тушиб, 8 гол уришга эришди.

«Манчестер Юнайтед» айни вақтда Англия чемпионатининг 26-туридан кейин 51 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалининг тўртинчи ўрнида жойлашган.

Эртага, 18 февраль куни «МЮ» Англия Кубогининг 1/8 финали доирасида Лондоннинг «Челси» клуби меҳмони бўлади.

Мавзуга оид