Ўзбекистон | 18:42 / 21.02.2019
4776
2 дақиқада ўқилади

Франция, Испания, Ҳиндистон ва Ўзбекистон Гидлар уюшмалари ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

21 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро гидлар форумида Франция русийзабон гидлар уюшмаси, Испания миллий гидлар уюшмаси, Ҳиндистон гидлар уюшмаси миллий федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ҳужжат Франция русийзабон гидлар уюшмаси президенти Гарри Сафарян, Испания миллий гидлар уюшмаси президенти Альмудена Родригез, Ҳиндистон гидлар уюшмаси миллий федерацияси вакили Нарендра Сингх ва Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмаси раиси Наргиза Саломова томонидан имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, пойтахтда ўтаётган Халқаро гидлар форумида туризм соҳасининг 250 дан зиёд мутахассислари - гидлар, туроператорлар, музейшунослар, давлат идоралари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек республика олий таълим муассасалари талабалари иштирок этишмоқда.

Халқаро форум уч ишчи майдонда ўтказилмоқда:

·      "Ипак йўли" халқаро илмий-амалий конференцияси;

·      "Гид лабораторияси: халқаро ва маҳаллий экспертлардан маҳорат дарслари";

·      "Экспозицион қисм".

Халқаро форум якунида "Ўзбекистон - туризм мамлакати" фототанловининг уч номинация (Табиат. Меъморчилик мероси. Маданият ва этнография) бўйича ғолиблари тақдирланади. Танловда гидларнинг энг яхши суратлари иштирок этади.

Бундан аввал Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов 2019 йилнинг 20 февралида Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмаси ташкил этилгани ҳақида маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид