Жамият | 14:13 / 23.02.2019
5145
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар аҳолиси узлуксиз ичимлик суви билан қайта таъминланди

Photo: planetnew.ru

Тошкент шаҳри аҳолисига узлуксиз ичимлик суви етказиб бериш таъминланди ва юзага келган муаммо бартараф этилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

«Юзага келган носозликлар  вилоят электр тармоқлари корхонасининг ходимлари томонидан шу куннинг ўзида (22 февраль - таҳр.) кечки соат 23:00 да бартараф этилган. «Сувсоз» корхонаси ходимлари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида ичимлик суви таъминотидаги сув босими ҳамда узилишлар қайта тикланиб, ҳозирда Тошкент шаҳри аҳолисига узлуксиз ичимлик суви етказиб бериш таъминланди», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 22 февраль куни Қибрай туманида жойлашган вилоят электр тармоқларига қарашли электр станциясида ёнғин содир бўлганди. Шу туфайли, ёнғин Тошкент шаҳар «Сувсоз» ДУК корхонасига қарашли «Қодирия» Бош сув иншоотининг иш режимига таъсир этиб, ўз навбатида шаҳарнинг Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Миробод, Бектемир, Юнусобод, Олмазор, Учтепа ва Яккасарой туманларининг сув босимида пасайишлар ҳамда айрим туманларда узилишлар бўлгани ҳақида хабар берилганди.​

Мавзуга оид