Жамият | 14:20 / 25.02.2019
7809
2 дақиқада ўқилади

Навоий шаҳрида велопатруль хизмати ташкил этилди

Навоий шаҳрида ҳокимлик, прокуратура ва ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида велопатруль хизмати ташкил этилди.

Шу муносабат билан 24 февраль куни велопатруллик хизматини олиб борадиган ички ишлар ходимларига 30 дона махсус жиҳозланган мигалкали велосипед, жилет, фонар ва бошқа зарур воситалар топширилди.

«Айни вақтда Навоий шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида кўчалар, жамоат жойлари, кўнгилочар масканлар ва улар атрофида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамаоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 3-босқичли (8 соатдан) патруллик хизмати олиб борилмоқда. 13та автопатруль, 54та пиёда патруль хизматлари ташкил этилган. Эндиликда велопатруль хизмати ҳам шаҳарда хавфсизликни таъминлаш юзасидан хизмат олиб боради», – дейди Навоий шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Сиддиқов.

Шу куни ички ишлар ходимларига йўриқнома асосида тегишли кўрсатмалар берилди ва шаҳар бўйлаб велопатруль хизмати ўз фаолиятини бошлади.

Мавзуга оид