Ўзбекистон | 14:09 / 26.02.2019
8649
6 дақиқада ўқилади

Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди

Фото: ombudsman.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари ҳамда Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомга кўра, бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси унинг номзодини маъқуллагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тасдиқланади.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси президентига ва Ўзбекистон Республикасининг бош вазирига ҳисобот беради.

Бош вазир ўринбосарининг фаолияти узлуксиз таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм тизимини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган.

Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раёсати таркибига киради. Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.

Қуйидагилар бош вазир ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;

вазирликлар ва идоралар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишини ташкил қилиш юзасидан мониторингни таъминлаш, шунингдек, жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини доимий ўрганиш, ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботлар тайёрланишини таъминлаш;

ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг асосий халқаро рейтинглар ҳамда индексларда Ўзбекистон Республикасининг позицияларини яхшилаш бўйича ишлари самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

жойларда “халқ билан мулоқот” ва шахсий учрашувлар амалиётини такомиллаштириш чораларини кўриш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, шу жумладан аҳолининг бандлиги ва реал даромадлари оширилишини таъминлашни кафолатловчи комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

мутасаддилик қилинадиган соҳалар ва тармоқларда иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилишининг самарадорлиги доимий ва тизимли асосда ҳар томонлама ва танқидий таҳлил қилинишини таъминлаш, аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва комплекс вазифаларни амалга ошириш бўйича асосли таклифлар тайёрлаш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали, шу жумладан илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида, зарур бўлганда, ушбу мақсадларга хорижий консультантларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан яқин ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида, вазирликлар ва идораларда, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликларда ижро интизоми даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси президенти ва ҳукуматининг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, шунингдек, “йўл хариталари”нинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятида юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишларни ташкил этишнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий сектор субъектларига бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;

давлат бошқарувини номарказлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш, марказий ва ўрта бўғин бошқарув ходимлари сонини оптималлаштириш орқали бошқарувнинг вертикал тизими механизмларини ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш;

Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибиятида, шунингдек, унга бириктирилган вазирликлар, идоралар ҳамда хўжалик бирлашмаларида кадрларни танлаш тизимини такомиллаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва кадрларнинг амалий захирасини тайёрлашнинг самарали шакл ва усулларини жорий этиш;

давлат бошқаруви тизимига жумладан, стратегик режалаштириш ва прогнозлаштиришнинг замонавий шакллари, усуллари ва принциплари жорий этилишини мувофиқлаштириш;

Котибиятга бириктирилган барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришиш, яқин, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигига асосланган баҳолаш тизими жорий этилишини мувофиқлаштириш.

Мавзуга оид