Ўзбекистон | 16:09 / 27.02.2019
75989
2 дақиқада ўқилади

Собиқ вазир вазирликка биринчи ўринбосар бўлиб қайтди

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирига биринчи ўринбосар тайинланди. Вазирлик матбуот хизмати хабар қилишича, Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Шуҳрат Жўрақулович Тешаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди

Бу лавозимда Тешаев пахтачилик, уруғчилик, қишлоқ хўжалигида механизациялаштириш, қишлоқ хўжалигида сув ресурслари истеъмолини таҳлил этиш масалалари билан шуғулланиши белгиланган.

Шуҳрат Тешаев 1969 йилда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган, 1993 йилда Тошкент давлат аграр университетини битирган, мутахассислиги бўйича агроном.

У 1996-2010 йилларда Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институтида турли лавозимларда ишлаган, 2010-2012 йилларда «Пахта» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори, 2012-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг агротехнология масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2014-2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, 2016 йилдан эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари - Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори бўлган. У 2018 йилнинг июлида Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойи охирида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсупов лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнини Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев эгаллаганди.

Мавзуга оид