Жамият | 18:05 / 28.02.2019
9345
6 дақиқада ўқилади

Аҳоли кўрсатилаётган хизматлардан розими? — Жиззах шаҳридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолияти ҳақида

Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги ҳақида кўп ёзилмоқда, кўп гапирилмоқда. Чунки ҳар биримизнинг давлат идораларига ишимиз тушади. Аҳолига бир жойда, тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли хизмат кўрсатиш, навбатда туришларни кескин камайтириш, сарф-харажатларни тежаш, сансалорликнинг олдини олиш, халқ давлат идораларидан рози бўлишига эришиш, қимматли вақтни тежаш мақсадида ташкил этилган ушбу марказлар орқали қандай хизматлар кўрсатилмоқда?

«Жиззах шаҳар Давлат хизматлари марказида бугунги кунда ўндан зиёд ходим фаолият юритади. 2018 йил давомида Жиззах шаҳри бўйича 29 минг 270дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди, — дейди марказ бўлим бошлиғи Зафар Юсупов. — Бугунги кунда юртдошларимизга замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда, жорий йилнинг апрель ойидан эса хизматлар сони 50тага етказилди. Марказга келаётган фуқароларнинг мурожаатлари турлича: улар туғилганлик ҳақида гувоҳнома ҳужжатини расмийлаштириш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш ҳужжатларини расмийлаштириш, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш учун рухсатнома бериш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялашдан тортиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисида рухсатнома бериш ва ҳоказолардир. Бугунги кунда марказимиз томонидан турли ташкилот ва идораларда сайёр қабуллар ўтказилиб, учрашувлар ташкил қилинмоқда. Буларнинг бари фуқароларимизни марказимиздаги қулайликлар билан яқиндан таништириш ва уларнинг оғирини енгил қилишдир».

Қисқача таништирувдан сўнг Зафар Юсупов марказ бўйлаб кичик сайрга таклиф қилди.

«Кўриб турганингиздек, марказ эрталабдан гавжум. Бир кунда 600тагача мурожаатни ўрганамиз. Коммуникация тармоқларига уланиш, ижтимоий соҳалар билан боғлиқ масалалардаги ҳужжатлар марказимиз орқали тақдим қилинади. Бизга билдирилаётган ишонч эса янада яхшироқ ишлашга ундайди», дейди у.

«Биласизми, бир пайтлар тадбиркорлик қилиш ва рўйхатдан ўтиш учун бир неча идораларга бош суқиб соатлаб, ҳатто кунлаб идоралар йўлакларида вилоят марказидан пойтахтгача бир парча қоғоз учун сарсон-у саргардон бўлардик. Бугун эса бундай оворагарчиликларга чек қўйилгани қувонарли. Асаларичилик билан шуғулланаман. Бу ишни ривожлантириш мақсадида фирма ташкил қилдим ва унга «Адолат Тотли Асали» дея ном қўйдим. Таъкидлаш жоиз, расмиятчиликлар кўп вақт олмади. Тўловларни амалга оширишимиз билан тегишли ҳужжатларимизни қўлимизга олдик. Марказдаги барча ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар чиндан ҳам зиммаларига юклатилган ишга масъулият билан ёндашишади», — дейди тадбиркор Абдуғани Камилов.

«Марказга янги ташкил қилган тадбиркорлик йўналишим ҳужжатларини расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтиш мақсадида келгандим. Кушхона ташкил қиляпмиз. Коммуникация соҳасидаги камчиликларни бартараф қилиш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш кутганимдек кўп вақт олмади. Барака топишсин, бугуннинг ўзида барча ишларимизни якунладик. Шуниси қувонарлики, энди у идорадан бу идорага арзимаган маълумот учун боришлар йўқ. Навбат кутиб йўқ жойдан камчилик топиб хуноб бўлишлар ҳам. Марказ фаолияти жуда яхши йўлга қўйилган. Фуқаролар учун барча шароитлар яратилган. Ходимлар хушмуомалалик билан сизни тинглашади ва керакли хизматни кўрсатишади», — дейди «Ҳаёт Ҳалол Парранда» МЧЖ раҳбари Дилафрўз Ҳамдамова.

«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг бир ярим ойи давомида марказимизга турли мавзуларда 9 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга бир марталик мулк ҳуқуқини берувчи умумдавлат акцияси билан боғлиқдир. Ходимлар фуқароларимизга бу борада ҳам кўмакчи бўлишмоқда, десам муболаға қилмаган бўламан. Жойларда турли учрашувлар ташкил қилиниб, айнан шу масалаларда ҳам керакли маслаҳатларни бериб келишмоқда. Бугунги кунда Жиззах шаҳри ҳудудида 1921та ўзбошимчалик билан қурилган иморат мавжуд бўлиб, ҳозирги кунга қадар айнан шу ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар масаласида марказга 1195та мурожаат келиб тушган, улардан 670таси ижобий ҳал этилди. Жойларда ишчи гуруҳлар билан юрган ходимларимиз томонидан яна аризалар қабул қилинмоқда ва ўрганилмоқда», — дейди марказ бош мутахассиси Жамол Мансаров.

«Мен Жиззах шаҳридаги «Бону ширинликлари» МЧЖ бош ҳисобчиси Татьяна Кунафинаман. Марказ фаолиятига ижобий баҳо бераман. Хизматлар аъло даражада бажарилади. Муаммо йўқ. Тез ва сифатли хизматни ким истамайди дейсиз. Энг муҳими — фуқароларга ҳар томонлама енгиллик мавжуд. Аслида шунинг ўзи ҳам катта гап эмасми? Бугун одамларнинг ҳужжатбозлик масалаларидаги оворагарчилигига чек қўйилди. Энди фуқаролар эмас, чиндан ҳам ҳужжатлар ҳаракатланмоқда. Барча маълумотлар ва ҳужжатларнинг ягона базаси шакллантирилган бўлиб бир жойнинг ўзида ишимиз ҳал бўлмоқда. Энг муҳими ҳам вақтимиз, ҳам маблағимиз тежалаяпти», дейди келувчилардан бири.

Бугунги кунда агентликнинг 1148 қисқа рақамли ишонч телефонлари ҳам ишга туширилган. Аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, шаффофликни таъминлаш Давлат хизматлари фаолиятини самарали йўлга қўйишда электрон ҳамкорлик қулайлик яратаётгани бор гап. Яқин кунларгача фуқаролар ҳужжатбозлик ишларида қийналарди. Битта ҳужжатни тўғрилаш учун, бир неча раҳбарнинг эшигида сарғайиб овора бўларди. Давлат хизмат агентлиги аҳолининг корига ярайдиган муассаса сифатида тилга тушди. Талаб ҳам шу аслида. Халқнинг оғирини енгил қилиш, унинг давлат идораларига ишончини ошириш мақсадида тузилган марказни чин маънода миллий тизим дея айта оламиз ва шундай бўлиб қолади.

Гулчеҳра Шарипова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид