Ўзбекистон | 17:55 / 01.03.2019
19703
2 дақиқада ўқилади

Талабалар тўлов-контракт оширилгани ҳақида аввалдан хабардор қилиниши керак —​ Сенатдаги таклиф

Омбудсман олий таълим олишнинг аниқ ёки ҳеч бўлмаса тахминий миқдори ҳақида талабаларни тўловнинг сўнгги муддатидан 3 ой олдин хабардор қилиш механизмини жорий этишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

1 март куни ўз ишини давом эттирган Сенатнинг XVIII ялпи мажлисида 2018 йилги фаолияти юзасидан ҳисоботини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Улуғбек Муҳаммадиев олий таълим муассасалари талабаларининг манфаатидан таклиф билдирди.

Омбудсман — Улуғбек Муҳаммадиевнинг айтишича, талабалар таълим олишнинг аниқ миқдори ҳақида тўлов муддатига қадар, яъни 3 ой аввал хабардор қилиниши керак.

Давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сонли баёнига иловада тўлов-контракт нархлари энг кам ойлик иш ҳақига боғланган бўлиши белгилаб қўйилган эди. Эндиликда таълим олиш нархи кутилмаган пайтда эмас, мамлакатда ЭКИҲ оширилганда кўпаяди.

Фақат қоидага биноан, ЭКИҲ миқдори оширилганда контрактлар навбатдаги семестрдан бошлаб оширилади. Шунга қарамай, олий таълим муассасалари ректорларига тўлов-шартнома нархини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилиши режалаштирилмоқда.

Масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида талабаларнинг таълим олиш тўлови маҳаллий ОТМга нисбатан анча юқори ва бу ўзгариш ўқиш бошланишига бир ойдан кам муддат қолганда маълум бўлганди.

Март ойидан ОТМ тўлов-контракт нархлари ошади

 

Мавзуга оид