Ўзбекистон | 19:30 / 05.03.2019
5837
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирининг хорижлик ўринбосари ўз вазифасини бажаришга киришди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон президентининг қарори билан соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ва бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Донгвук Лининг вазирлик марказий аппарати ва тасарруфдаги муассасалар раҳбарлари билан танишув учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Донгвук Ли тиббий суғурта соҳасини Корея Республикаси тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда татбиқ этиш, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш йўлида бор билим ва салоҳиятини ишга солишини айтиб ўтди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирининг хорижлик ўринбосари Донгвук Ли

Донгвук Ли ўз ватани – Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазирлигида демографик сиёсатни ишлаб чиқишда иштирок этиб, тиббий хизмат нархларини тартибга келтириш ҳамда суғурта тизимини такомиллаштиришда кўмаклашган. Шифохоналарни бошқариш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини юксалтириш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг беморга йўналтирилган яхлит тизими яратилишида ҳам унинг хизмати катта. Бундан ташқари, тиббиёт тизими ва ресурслари билан боғлиқ сиёсат ҳамда интеграция дастурини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда ёрдам берган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, Донгвук Ли вазир ўринбосари сифатида халқаро стандартлар ва ЖССТ тавсиялари асосида соҳани комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш, тизимни молиялаштириш ва ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризмдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини юртимизда қўллаш, инвестицияларни жалб этишда қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш ҳамда “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг татбиқ этишга масъул ҳисобланади.

Мавзуга оид