Спорт | 13:20 / 06.03.2019
25170
6 дақиқада ўқилади

«Барселона» мендан «Реал»ни йўлдан олишни сўраганди». «Аякс»нинг асосий қаҳрамонлари

«Аякс» Чемпионлар лигасининг нимчорак финали доирасида жавоб учрашувида Мадридда «Реал»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди ва икки учрашув натижасига кўра (5:3) чорак финалга чиқди.

Қуйида «аяксидлар»нинг асосий қаҳрамонлари ҳақида келтирилади.

Душан Тадич, 30 ёш

Қачондир Тадич шундай деганди: «Сербияда мағлубият - ўлимга тенг баҳоланади». «Бернабеу»даги ўйинда бир гол уриб, 2 голга узатма берган футболчи ўтган мавсумда «Саутҳемптон» билан АПЛда жон сақлаш учун курашганди. Инглизлар уни ёзда «Аякс»га сотиб юборишди -  ҳадеб ўлавериш шунчаки Тадичнинг жонига текканди.

Жорий мавсумда Тадич яна порламоқда: Эредивизияда 16 гол, Чемпионлар лигасида эса 9 гол ва 6 голли узатма (саралаш ўйинлари ҳам ҳисобга олинганда). «Бернабеу»да Тадич «Реал»ни хўрлади, нафақат голли узатмалари билан, балки иккинчи гол урилган ҳужум вақтидаги «марселча рулетка»си билан. Мадридда Зиданнинг финти - ҳаддан ташқари безбетлик ва ҳаддан ташқари жасурлик эди.

Френки де Йонг, 21 ёш

Қишда ушбу марказий яримҳимоячи «Барселона» билан шартнома имзолади, у ёзда Каталонияга кўчиб келади. «Реал»га қарши жавоб ўйинидан аввал эса ОАВда ундан шундай иқтибос тарқалди: «Мен «Барселона» билан шартнома имзолаганимда, бу клуб вакиллари мендан «Реал»ни Чемпионлар лигасидан чиқариб беришни сўрашганди».

Твиттерда шундай ҳазил қилишмоқда: де Йонг ҳали «Барселона» сафида майдонга тушмай туриб, клуб афсонасига айланди.

Унинг финтлари Каталонияда барчани хурсанд қилди.

Ҳаким Зиёш, 25 ёш

«4:1! Биз эрталаб бундай бўлишини ўйлай олмасдик», деди ўйиндан кейин марокашлик футболчи. Зиёш ўйинда ҳисобни очди, у Амстердамдаги ўйинда ҳам гол урганди. У бу ўйинларгача ҳам «Аякс»нинг энг қимматбаҳо футболчиларидан бири бўлган ( маълумотига кўра, 35 миллион евро), энди эса унга Европа бозорида харидорлар кўпайиши аниқ.

Ўтган йил ёзида у «Рома»га ўтиб кетишига бир бахя қолганди, аммо футболчининг ўзи «Аякс»да қолишга қарор қилди.

Давид Нерес, 22 ёш

Бразилиялик футболчи ўйиндаги иккинчи голни урди, аслида бу ғалаба голига айланганди. Аммо ўйиндан кейин унинг голи эмас, ўнг бурчак яқинида Карвахалга ишлатган финти кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Бундай финтдан кейин шундай дейишади: «У рақибни нафақага жўнатди».

Ҳолбуки, қишки трансферлар чоғида Нерес Хитой чемпионатига равона бўлиши ҳам мумкин эди. «Гуанчжоу Эвергранд» унинг трансфери учун 30 миллион евро таклиф қилишганди, аммо «Аякс» кўпроқ сўрагач, футболчи Амстердамда қолган.

Маттейс де Лигт, 19 ёш

Бу марказий ҳимоячи суперюлдуз бўлиши кафолатланган. Унинг нархи ҳозирдан 70-80 миллион еврога чиқиб кетган. Ушбу ёш футболчида ноодатий сардорлик қобилияти бор. У икки йил олдин «Аякс» Лионда Европа Лигаси финалига чиққанида мухлислар секторига чиқиб борганди ва мухлислар кўз ўнгида жамоа етакчи ва илҳомчиси бўлиб гавдаланганди. Тасаввур қилинг: у ўшанда ҳали 17 ёшда эди.

У Мадриддаги ўйиндан кейин ҳам амстердамлик мухлислар қаршисига ёлғиз келиб, миннатдорчилик билдирди.

Ҳозир у 19 ёшга чиқди ва Чемпионлар лигаси тарихига энг ёш сардор сифатида кирди. Мадриддаги ўйинда ҳам у ўн марталаб рақибдан тўпни олиб қўйди. Ёзги трансферлар вақтида уни катта клублардан бирига кузатишимиз мумкин, даъвогарлар қаторида «ПСЖ», «Барселона», «Манчестер Сити» ва «Ювентус» каби гигант жамоалар бор.

Мавзуга оид