Жаҳон | 20:26 / 10.03.2019
10442
2 дақиқада ўқилади

«Троллар фабрикаси» АҚШдаги 2020 йилги сайловлардан олдин ўз стратегиясини ўзгартирди

Фото: sputniknews

Киберхавфсизлик бўйича Америка экспертлари 2020 йилдаги АҚШ президенти сайловларига аралашишга уринаётган россиялик интернет-тролларнинг стратегияси ўзгарганини таъкидламоқдалар.

Бу ҳақдаги Bloomberg нашри томонидан тайёрланган мақолада «троллар фабрикаси» деб номланган ва ходимлари АҚШда тергов остида бўлган Санкт-Петербургдаги Интернет изланишлари агентлиги ҳаракатлари кўрсатиб ўтилган.

Кибермутахассислар талқинига кўра, 2016 йилги сайловлардан сўнг, «троллар фабрикаси» янги кампанияга самарали таъсир ўтказиш учун ўз стратегиясини ўзгартирган. Symantec Corp. хулосасига қараганда, 2017 ва 2018 йилларда янги контент яратилиши камайган.

Bloomberg нашрининг ёзишича, янги стратегиянинг моҳияти қуйидагича: аввал троллар ўз контентини яратиб, уни тарқатишга уринган бўлса, энди улар ижтимоий тармоқларда мавжуд бўлган сиёсий ихтилофнинг аҳамиятини оширишга ҳаракат қилишади.

Янги стратегияни амалга ошириш учун троллар қалбаки аккаунтлардан кўплаб изоҳларни қолдирмоқдалар. Symantec Corp. хабарига кўра, баъзи ҳакерлар компьютерларни бузиб, улардан кўплаб янги аккаунтларни яратишда фойдаланмоқдалар. Натижада улар ҳақиқий фойдаланувчидек таассурот қолдирмоқда.

Янги стратегия 2016 йилги сайловдан сўнг Твиттер ва Фейсбукдаги қалбаки аккаунтларга нисбатан ўрнатилган чекловларни айланиб ўтишга уриниш билан боғлиқ. Бу мантиққа биноан, троллар ўзларининг ишончсиз маълумотларини тарқатиш орқали, тезда «фильтр»га тушиб қоладилар. Янги стратегия билан эса троллар «кимнингдир орқасида яшириниб олишади», деб ҳисоблайди FireEye Inc. вакили Жон Ҳултквист.

Мавзуга оид