Жамият | 20:40 / 12.03.2019
43995
5 дақиқада ўқилади

«Тошкент вилояти фожиаси». ​Биз қандай сув ичяпмиз?

Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган умумий аҳоли сони 2,8 миллиондан ортиқ. Шунга қарамай, 2,3 миллиондан ортиқ аҳоли вакиллари ёхуд 86 фоиз вилоят фуқаролари оқава сув тармоғига уланмаган.

Вилоят 6та йирик туман ва шаҳарлари оқова сув тизимига уланган бўлса-да, бу ерда яшайдиган аҳолининг фақат 42 фоизи тармоққа уланиш имконияти эга.

12 март куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси​да «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартларига оид қисми Тошкент вилоятида ижро этилишини ўрганиш якунларига бағишланган танқидий руҳда бўлиб ўтган мажлисда мутасаддилар айрим масалаларга эътибор қаратиши лозимлиги маълум бўлди.

«Вилоятда 620 мингга яқин хонадон ҳамда 36 мингдан ортиқ турли ташкилот мавжуд бўлиб, улардан марказлашган канализация тизимига фақат 22 фоизи уланган. Вилоятдаги барча ташкилотларнинг фақат 4 фоизи марказлашган канализацияга уланган», — дея таъкидлади қўмита раиси Баҳодир Тожиев.

​Табиийки, канализацияга уланмаган корхона ва хонадонларнинг оқинди ташланмалари қаерга кетяпти деган савол пайдо бўлади.

Маълум қилинишича, ташланмаларнинг катта қисми Чирчиқ, Бўзсув сув каналларига оқизилади. Шунингдек, оқава сув иншоотларини тегишли равишда сақлаш ва муҳофаза қилиш, белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйилмоқда. Иншоотларни тиклаш, таъмирлаш ва бутлашга оид ишларни бажариш муддатларига риоя этилмаяпти.

Сув иншоотларини ўз кўзи билан кўрган инсон уларга туташ майдон санитария қоидалари ва гигиена нормаларига жавоб бермаслигига амин бўлади.

Президент фармонига кўра, сув таъминоти ва канализация объектларини замонавийлаштириш ва таъмирлаш, мазкур соҳа фаолиятини мувофиқлаштириш, бошқарувни таъминлаш Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги​нинг асосий вазифаси ҳисобланади. Аммо вазирлик ҳам ўз вазифаларини етарли уддалай олмаяпти.

Сенатор Тожиевнинг қайд этишича, вазирлик Президент қарорида белгиланган Янгийўл, Чиноз ва Бўстонлиқ туманларида оқава сув қувурларини реконструкция қилишга доир тадбирлар кўрсатилган муддатларда бажарилмаган.

«Вилоят Сувоқава ДУК тасарруфидаги 9та оқава сув тозалаш иншоотининг биронтаси ҳам ишламайди. Канализация тармоқлари ҳисобидан вилоят Сувоқава ДУК балансига 28 миллиард сўм келиб тушган. Лекин реконструкциянинг ҳақиқий аҳволни кўриб, биз ажабландик», — дейди сенатор. 

​Таъкидланишича, ҳар йили 80 миллион кубометр оқинди биологик ва кимёвий тозалашдан ўтмасдан, очиқ сув ҳавзасига ташланишига йўл қўйилмоқда.

Паррандачалик ва ишлаб чиқариш корхоналар томонидан оқизилаётган рангли сувларни тозалашга техник базанинг ўзи йўқ. Лекин оқинди Чирчиқ дарёсига қўшилиб кетмоқда.

«45 мингдан зиёд аҳолига хизмат қилаётган Олмалиқ сув оқава тозалаш иншоотининг фақат битта ташланмаларни ушлаб қолувчи қурилмаси мавжуд. Унда биологик ё кимёвий тозаланиш бўлмагани туфайли, сув тўғридан-тўғри кейинги манзилга қараб оқади», — дейди Тожиев.

Вазирлик вакили Муҳаммад Алиевнинг айтишича, соҳа фаолияти ўнгланишни бошлади, аммо раҳбарият самарали натижага эришиш учун яна вақт зарурлигини таъкидлайди.

«Ҳокимият тасарруфида бўлган ташкилотлар бизнинг назоратимизга ўтганда, бу иш дарров бўлмаслигини тушундик. Қийинчилик —​ жойларда корхоналарни тартибга солиш», — дейди вакил.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси раҳбари Дилмурод Мирзабоевнинг айтишича, айнан сув орқали юқумли касалликлар тарқалиши осон кечади. 

«Ошқозон, ичак касалликлари вилоят аҳолиси орасида кўпайган. Бир пайт касаллик кўплигидан, аҳоли орасида вабо тарқалганидан шубҳа қилиб қолдик», — дейди у. 
Оқин сув тозалаш иншоотларидан ўтгач, аҳолининг истеъмоли учун етказиб берилади. Аммо иншоот ва сувнинг сифати талаб ва стандартларга умуман жавоб бермаслиги йиғилиш иштирокчиларини ўйлантирди. 

​Сенат қўмитаси ушбу масала юзасидан 1 ой муддат ичида тегишли таклиф ва ечимларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритишни, 2 ой муддат ичидан ҳукуматдан умумлашган ҳисобот берилишини сўради.

Мавзуга оид