Иқтисодиёт | 22:29 / 17.03.2019
63574
10 дақиқада ўқилади

Монополиялар ҳақида ёш бола билан суҳбат

Болалигимда юрмай қолганим боис, аравачада ҳаракатланаман. Бироз кўнгил ёзиш учун гоҳида 5-синфда ўқийдиган жияним билан кўча айланамиз. Айланиш асносида жиянимга атрофдаги олам ҳақида гапириб бераман. Бу сафар унга монополиялар ҳақида сўзлаб бердим...

5 дақиқалик ҳикоя

Ҳайрон қолдиргани — монополиялар ҳақида жиянимга гапириб берган 5 дақиқалик ҳикоям монополиянинг деярли барча жиҳатларини қамраб олди. Янада ҳайратлантиргани — 11 ёшли жияним 5 дақиқада монополияларнинг моҳиятини жуда яхши англаб олди. Бошқача қилиб айтганда, энди жияним ҳар қандай катта одамга монополиянинг оқибатларини масалани тушунган ҳолда, ишонч билан бармоқ букиб санаб бера олади.

Жияним билан суҳбатимиз давомида сунъий монополиялар жамият учун, иқтисодиёт учун турган-битгани зарар эканига амин бўлдик.

Биринчидан, сунъий монополист, яъни, рақобатдан ҳимояланган субъект ўз маҳсулоти сифатини яхшилашга уринмаслиги — ўзи устидан ишламаслиги кундек равшан бўлди. “Рақобатчиси бўлмаса маҳсулотини яхшиламайди-да!” — оддий хулосага келди 5-синф ўқувчиси.

Иккинчидан, монополист ўз маҳсулоти нархини имкон қадар оширишга уринади — бу яна бир хулосамиз бўлди. Табиийки, “ким ҳам кўпроқ фойда кўришни хоҳламайди?!” – хитоб қилди жияним. Маҳсулот таннархини туширишга ва технологик янгиланишга эса уринмайди.

Монопол ташкилот нархни кўпроқ меҳнат қилгани, кўпроқ харажат қилгани ёки маҳсулотига кўпроқ ишлов бергани учунмас, балки МОНОПОЛИСТ бўлгани учунгина оширишга мойил бўлишини ёш бола дарров тушунди — кам меҳнат қилиб кўп фойда қилиш истаги бу — табиий истак, биологик прагматик истак. Монополистни бу учун маломат қилиш керак эмас.

Учинчидан, рақобатсиз муҳитда ишлайдиган корхона харидорнинг кўнглини олишга мойил бўлмайди — “ўзи шундоқ ҳам харидор менинг маҳсулотимни олишга мажбур бўлса, нима қиламан тер тўкиб унга мулозамат кўрсатиб!?” — мулоҳаза қилади монополист.

Йўқ, монополист эмас, балки унинг ички мантиқий “қурилмаси” шундай хулоса қилади. Зеро, ҳар бир инсонда қувватни иқтисод қилиш табиий дастури ишлаб турибди: “қувватингни имкони борича тежа, ким билсин, эртага керак бўлиб қолар”, — дейди ўша ички дастур, инсон бу табиий дастурга қарши туриши қийин.

Жияним билан хулоса қилдик — юқоридаги ҳолатлар барчаси жамиятга зарар:

  • маҳсулот сифати устида ишламаслик (ривожланмаслик);
  • нархнинг сабабсиз кўтарилиши;
  • сервисни яхшилашга уринмаслик —

булар монополиянинг шундоқ кўриниб турган, ҳар ким осон тушуниб олса бўладиган салбий жиҳатлари. Сал “ковласак” бошқа – чуқурроқ салбий жиҳатлари ҳам чиқиб келади ва уларни ҳам 11 ёшли болага оддий сўзларни ишлатиб осонгина тушунтира олдим.

Хўш, улар нимадан иборат?

Монополистнинг ўз мақомидан фойдаланиб топган ортиқча маблағи мўмай даромад бўлади. Мўмай (ишлаб топилмаган) даромад эса ўз моҳиятига кўра тўғри — самарали сарфланмайди. Нега? Чунки пул меҳнат натижаси — меҳнат эквиваленти бўлсагина унинг қадри бўлади.

Қадр нима у?

“Қадр” сўзини иқтисодиёт тилига “таржима” қиладиган бўлсак, маъноси қуйидагича бўлади:

Пухта режалаштириш ва қаттиқ меҳнат эвазига эришиладиган даромад ҳали қўлга тушмасидан аввал қаерга сарфланиши режага киритилган бўлади. Яъни бундай пул тизимли режалар занжирининг бир қисми. Шу боис унинг ҳар бир сўми қадрлидир. У ножўя сарф этилса режалар барбод бўлади.

Режа ва қаттиқ меҳнат орқасидан келган пул норационал (ҳавога) сарфланиши эҳтимоли ўта паст. Бундай пулни “одамнинг жигаридан бўлган” дейишади.

Меҳнатсиз қўлга киритилган пул эса ҳеч нарсанинг эквиваленти эмас. Уни “одамнинг жигарига” ўхшатиб бўлмайди. Режа ва меҳнатга эваз бўлмаган бундай пулнинг кейинги тақдири ўзининг келиб чиқишига мос бўлади — ҳеч бир режалар занжирининг узвий қисми бўлмаган, “ҳаводан келган” пул юқори эҳтимол билан “ҳавога” сарфланади. Мамлакат ва корхона иқтисодиётининг ўсишига бундай пул хизмат қилиши амри маҳол.

Давлат чиқарган қоғоз пуллар — банкноталар мамлакат бойликлари (тилла захиралари) билан таъминланади. Буни ҳамма шарт деб билади. Қоғоз пуллар мамлакат бойликларига мувофиқ келиши керак.

Худди шу тарзда одамлар ва корхоналар топадиган пул ҳам меҳнат билан “таъминланиши” (меҳнат “эквиваленти” бўлиши) шу даражада муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу муҳим жиҳат пулнинг кейинчалик қандай (самарали ёки самарасиз) сарфланишига бевосита таъсир этади.

Бундан қоида келиб чиқади: пул имкон қадар ақлий ва жисмоний уринишларнинг доимий объекти бўлиб туриши керак. Зеро, иқтисодиёт ичида айланадиган пулнинг айнан шу қисми иқтисодиётнинг ўсишига хизмат қилади. Чунки бундай даромад, такрор айтамиз, ҳали қўлга кирмасидан аввал самара келтираётган тизимли режаларнинг бир бўлаги бўлади.

Барака

Мўмай пул — ўз моҳиятига кўра “қувватсиз” пулдир. Хусусан, монополист топган мўмай пул. Зеро, у рақобат муҳитида “туғилмаган”, корхонанинг ривожланиш стратегиясининг узвий қисми бўлмаган, ақлий ва жисмоний уринишлар билан “суғорилмаган” пулдир. Бошқача қилиб айтганда бу пул — баракасиз.

Мўмай даромад корхона эгалари ва ходимларининг ички захираларини сўндиради. Инчунун, корхонани бебаракаликка мубтало қилиб, “ўлдирмоқчи” бўлсангиз, унга монопол имтиёзлар беринг.

Рақобат эса, аксинча, инсоннинг барча ички захираларини қўзғатувчи, истеъдодларини уйғотиб, кульминацион нуқтасига келтирувчи омилдир. Буларни ҳам жиянчам яхши тушунди.

Тақсимот

Демак, масалан, автомобилларни ишлаб чиқарувчи корхона монополист (рақобатдан ҳимоя этилган) бўлса у, табиийки:

а) машиналари сифатини яхшилаш учун бош қотирмайди (“шундоқ ҳам сотиб олишяпти”),

б) нархни кўтаришга интилади (“қимматроқ сотсам ҳам олишади”),

в) истеъмолчи учун курашмайди (“ким билан курашсин?”)

г) машина нархини тушириш бўйича ҳаракат ва изланишлар қилмайди (“кимга керак ортиқча даҳмаза?”).

Нархни ошириш эвазига монополист қўшимча (мўмай) даромадга эга бўлади. Бу каби даромад “корхонани ривожлантиради”, деган хулосани қилиш мумкин. Аммо юқорида қилган таҳлилимиз кўрсатяптики, ундай эмас — бутун бошли ривожланиш концепцияси маҳсули бўлмаган мўмай даромад ривожга хизмат қилмаслиги аён бўлиб турибди.

Аксинча, машина хариди учун монополистга ортиқча тўланган пул эгасида қолганда эди, иқтисодиёт учун фойдалироқ бўларди, зеро, бу пулга одамлар бошқа нарсаларни сотиб олишарди, яъни пулларини мўмай даромад топаётган (текинхўр)га эмас, балки бошқа бир — рақобат шароитида фаолият юритаётган, рақобат шароитида ривожланиш концепциясига эга бўлган корхоналарни қўллаб-қувватлашга беришарди.

Маънавий бузилиш

Монополияларнинг иқтисодий салбий оқибатларидан-да каттароқ — салбий маънавий оқибатлари ҳам бор. Мўмай даромад ўз моҳиятига кўра бировдан ноўрин олинган, бировни норози қилиб олинган пул бўлади. Монополист нархни сабабсиз оширганда, сифатсиз молини (одамлар унинг молини олишга мажбур эканлигини билиб) сотаётганда, харидорни менсимасликка борганда унинг маънавий дунёси зарар кўрмай қолмайди. Бундай ишлар, бундай “модел” монополист корхона бошлиқлари учун одат тусига киради ва бу уларни худбин ва баднафс қилиб қўяди.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, монополияларнинг пайдо бўлиши учун муҳитни яратиш жамиятнинг маънавий устунларига зарар келтиради. Бундай ноўрин ҳолат жамиятдан пинҳон бўла олмайди — одамларнинг кўз ўнгида бўлади ва омманинг эзгуликка бўлган ишончига, ўзаро ишонч муҳити вужудга келишига тўсиқ бўлади.

Хотима ўрнида – “Роналдуни ким Роналду қилди?”

Месси каби футболчи бўлмаганда Криштиану Роналду каби истеъдод соҳиби футболчилар ичида “монополист” бўлиб қоларди ва унинг ички захираси – потенциали тўлалигича юзага чиқмасди, биз ҳозир бошқа савиядаги Роналдунинг ўйинини кузатаётган бўлардик. “Олтин тўп” учун кураш бу икки футбол даҳоларини ўз устидан кўп ишлашга ундаб келяпти.

Корхоналар ҳам шундай — рақобат муҳитида ҳар қандай корхона эгаси ва ходимларининг ички истеъдодлари – салоҳияти юзага чиқади. Корхона алоҳида имтиёзлар билан ҳимояланса — тескариси бўлади. Мазкур – ёш бола ҳам тушуна оладиган ҳақиқатларни, ниҳоят, тан олмоғимиз лозим.

Шокир ШАРИПОВ.

Мавзуга оид