Ўзбекистон | 12:41 / 30.03.2019
13061
6 дақиқада ўқилади

Экстернат тўғрисидаги янги низом лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Elisabeth Schmitt / Getty Images

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Экстернат тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, экстернларни аттестациядан ўтказиш бепул амалга оширилади.

Экстернлар рўйхатини шакллантириш

Аттестация тегишли давлат таълим стандартлари доирасида амалга оширилади.

Аттестацияда умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 9-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 16 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар, умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 11-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 18 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар қатнашиши мумкин.

Умумий ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатномага эга фуқаролар 11-синф доирасида аттестациядан ўтказилади.

Экстерн бир вақтнинг ўзида 9-синф ва 11-синф доирасида аттестациядан ўтказилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан ҳар йили 1 мартга қадар аттестация ўтказиш учун тегишли ҳудуд марказида жойлашган битта умумий ўрта таълим муассасаси белгиланади.

Фуқаролар ўзлари доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинган манзиллари бўйича мактабга мурожаат этади.

Экстернлар тегишли йилнинг 1 мартидан 1 майига қадар (шу куни ҳам) мактаб расмий веб-сайтидан рўйхатдан ўтади.

Якуний давлат аттестация бошланишидан 10 кун аввал экстернлар қўйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мактаб директори номига ариза;

баҳолар (ўзлаштириш) табели, агар мавжуд бўлса;

экстерннинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

паспорт нусхаси, экстерн паспорт олмаган бўлса, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (асли кўрсатилган ҳолда).

Экстерн томонидан барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганда, бу ҳақда Экстернларнинг аризаларини рўйхатга олиш дафтарига ёзиб қўйилади.

Экстернларнинг аризаларини рўйхатга олиш дафтарида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

экстерннинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

экстерннинг туғилган йили, санаси ва жойи;

экстерннинг доимий яшаш жойи ва телефон рақами;

баҳолар (ўзлаштириш) табелига кўра сўнгги ўқиган синфи, агар ўқиган бўлса;

ариза ва бошқа ҳужжатлар топширилган сана ва ҳужжатларни қабул қилиб олган шахснинг имзоси.

Ариза билан мурожаат қилган экстернлар рўйхати ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугаган кундан (1 майдан) бошлаб икки иш куни ичида мактаб директори томонидан тегишли ҳудудий бошқармага тақдим этилади.

Экстернлар рўйхати ҳудудий бошқармалар томонидан, улар мактаблардан олинган кундан бошлаб бир кун ичида, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига юборилади.

Экстернларнинг аризаларини кўриб чиқиш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш

Экстернларнинг аризалари мактаб педагогик кенгаши томонидан тегишли йилнинг 10 майига қадар кўриб чиқилади ва экстернни аттестацияга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинади. Мазкур қарор экстернларнинг танишиши учун аттестация бошланишидан камида 10 кун олдин мактаб биносининг барча учун кўринарли жойига осиб қўйилади.

Экстернлар қонун ҳужжатларида мактаб битирувчилари учун белгиланган ҳуқуқларга эга бўлади, якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқи бундан мустасно.

Экстернларни аттестациядан ўтказиш Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Экстерн 9 ва 11-синфлардаги баҳолар (ўзлаштириш) табелига асосан, аттестация ўтказилмайдиган фанлардан ижобий баҳоланган бўлса, ушбу фанлардан аттестациядан озод этилади.

Экстерннинг 9 ва 11-синфлардаги баҳолар (ўзлаштириш) табели бўлмаса, 9 ва 11-синфда ўқитиладиган фанлардан имтиҳон топширади, «Чизмачилик», «Тасвирий санъат», «Мусиқа», «Технология», «Жисмоний тарбия» фанлари бундан мустасно.

Узрсиз сабабларга кўра аттестацияга келмаган экстернлар, жорий ўқув йилида ушбу фандан қайта аттестациядан ўтказилмайди.

Узрли сабабларга кўра, аттестацияда қатнаша олмаган экстернлар узрли сабабни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни тақдим этган тақдирда, жорий ўқув йилида қайта аттестациядан ўтказилади.

Касаллиги туфайли экстерн мактабга шахсан ўзи кела олмаса, унинг (ота-онасининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) мурожаатига асосан, мактаб директори томонидан ушбу экстернга уй шароитида аттестациядан ўтиш имконияти яратилади.

Экстернларнинг аттестацияси натижалари бўйича баённома расмийлаштирилади ва мазкур баённоманинг юқори ўнг бурчагига «eksternat» сўзи ёзиб қўйилади.

Экстернларнинг аттестацияси тамом бўлган кундан бошлаб уч иш куни ичида мактаб директори томонидан ёзма равишда ҳисобот тайёрланиб, тегишли ҳудудий бошқармага тақдим этилади.

Ҳудудий бошқармалар томонидан мактаб директорининг ҳисоботи олингач, икки иш куни ичида ушбу ҳисобот асосида маълумот (ўтказилган аттестация натижалари бўйича) тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига юборилади.

Экстернларнинг шаҳодатномалари Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 2 июндаги 235-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномани битирувчиларга бериш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ тўлдирилади.

Экстерн томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг сақланиши учун мактаб директори масъул ҳисобланади.

Экстернлар томонидан топширилган ҳужжатлар, Экстернларнинг аризаларини рўйхатга олиш дафтари, аттестация баённомалари ва аттестация билан боғлиқ бошқа материаллар 3 йил давомида аттестация ўтказилган мактабда сақланади.

Мавзуга оид