Жаҳон | 14:43 / 03.04.2019
6302
2 дақиқада ўқилади

Малайзия собиқ бош вазири миллионлаб доллар маблағни ўзлаштиришда айбланмоқда

Фото: EPA

Малайзия олий суди мамлакат собиқ бош вазири Нажиб Раззоқнинг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, SRC International давлат инвестицион фондидан 47 млн ринггит ($11,5 млн) пулни ўзлаштиришда айбланиши бўйича жиноят ишини кўришни бошлади. Бу ҳақда CNA телеканали хабар берди.

Собиқ бош вазирга жами еттита айблов қўйилган бўлиб, улардан учтаси бўйича 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ротанг таёқлари билан савалаш жазоси кўзда тутилган. Бундан ташқари, етказилган зарарнинг беш баравари миқдорида жарима солиниши ҳам мумкин. 

Шу билан бирга аввалроқ айбловчи томон вакили Гопал Рам SRC International фондидаги коррупция бўйича иш собиқ бош вазир устидан бўладиган йирик суд ишининг бошланиши эканлигини маълум қилганди. Май ойида 1MDB давлат инвестицион фондидаги ўғирликлар бўйича яна бир суд иши бошланади. Ўтган йили прокуратура Нажибни 42та модда бўйича 681 млн доллардан ортиқ пулни ўзлаштиришда айблаган.

2009 йилда бош вазир бўлган Нажиб Раззоқ энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги инвестицион лойиҳалар учун мўлжалланган 1MDB фондини ташкил этганди. 2015 йилда The Wall Street Journal газетаси Нажибнинг ҳисоб рақамида фонд ҳисоб рақамидан ўтказилган 700 млн доллар маблағ борлиги ҳақида шов-шувли мақола эълон қилди.

Ҳукумат аввалига буни рад этди, аммо суриштирув бошлашга мажбур бўлди. Натижада коррупцияга қарши курашиш идораси Нажиб ҳисоб рақамларида 700 млн доллар борлигини тан олди. Бош вазирнинг ўзи эса бу пуллар Саудия Арабистони қироли оиласидан ёрдам эканлигини айтди.

Мавзуга оид