Жамият | 22:34 / 05.04.2019
9333
2 дақиқада ўқилади

Бахши фестивалида 100 жилдли Қорақалпоғистон халқ ижодиёти тўплами тақдим этилди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Термизда ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида 100 жилдли қорақалпоқ фольклор тўплами намойиш этилади. Қорақалпоқ халқ ижодиёти жуда бой ва қадимий тарихга эга бўлиб, унда достонлар алоҳида ўрин тутади. Мазкур нашрдан "Алпомиш" достонининг 8 хил варианти жой олган бўлиб, улардан ҳар бири асл қўлёзмага мувофиқ тайёрланган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Қорақалпоғистон халқ ижодиёти билан танишди ва "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон бўлими вакиллари билан учрашди. Улар замонавий дунёда фольклор санъатини сақлаб қолиш ва унинг халқимиз тарихида тутган ўрни ҳақида суҳбатлашишди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

"Мусиқа халқларни бир-бири билан бирлаштирувчи асосий ришталардан биридир. Айнан фольклор ва ўзига хос маданият бутун дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотади", - деди Бош вазир ўринбосари.

"Қорақалпоқ фольклорини ўзида жамлаган 100 жилдли тўпламни нашрдан чиқардик. Биз уларни бу ерга бежиз олиб келмадик, зеро бахшичилик санъати авваламбор достонларни куйлаш, демакдир. Бу бизнинг қорақалпоқ халқи тарихи, воқеалари, турмуш тарзи акс эттирилган шеърлардаги халқ санъатидир, - дейди "Нуроний" жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Хусниддин Шароф.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Унинг сўзларига кўра, барча достонларни бирма-бир тўплаш осон кечмаган. Халқ оғзаки ижодиёти китобининг биринчи нусхалари ўтган асрнинг 30-йилларида чоп этилган.

Мавзуга оид