Шаҳноза Мирзиёева: «Орол инқирозидан жабр кўрган минтақага самарали ёрдам кўрсатишимиз керак»
4 апрель куни Нукус шаҳрида «Имкон» номли Ўзбекистондаги биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур муассаса турли жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.
Очилиш маросимида Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева сўзга чиқиб, ушбу марказ очилишига ёрдам берган барчага миннатдорчилик изҳор этди.
«Мен бу ерга ўзининг саъй-ҳаракатлари билан ҳисса қўшган ва бугун биз билан бўлган дўстларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Келинг, 2018 йил Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинларини ёдга оламиз, у Ўзбекистон тарихидаги энг муваффақиятли бўлди. Улар бизнинг терма жамоамизга 77та медаль тақдим этди. Биз мамлакатимиз ва унинг олимпия терма жамоаси билан фахрланамиз! Бугун спортчиларни тадбиримизнинг фахрий меҳмонлари сифатида қабул қилиш биз учун катта шараф», - деди у.
Яқинда, Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шундай деди: «Халқ мақолида шундай дейилади: Халқ саломатлиги— мамлакат келажаги! Асосийси, жамиятда тинчлик ва инсонлар саломатлигини таъминлаш. Қолган муаммоларга ечим топса бўлади».
Масаланинг долзарблигини англаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ногиронлиги бор болалар муаммоси, уларни ҳимоя қилиш, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шаҳноза Мирзиёеванинг таъкидлашича, «қайд этилган ташаббуслар ва болалар ногиронлиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 16 августида «Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди».
Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари асосий тадбирдан таассуротлари билан ўртоқлашди: «Бугун, орадан 7 ой ўтиб, биз бу ажойиб кун - «Imkon» марказимизнинг очилишини нишонлаш имконига эга бўлдик».
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг айтишича, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар ҳақида гап кетганда, машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
«Коррекцион-ривожлантирувчи ишларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида биз ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирдик», - деди вазир.
Ушбу лойиҳанинг на Ўзбекистонда, на яқин хориж мамлакатларида муқобили йўқ. Унинг ўзига хослиги шундаки, марказ нафақат реабилитация, балки таълим беришга ҳам мўлжалланган. Ногиронлиги бўлган болаларга дастлабки босқичлардан тезкор ёрдам кўрсатиш учун болалар боғчасига болаларни икки ёшдан қабул қилиш йўлга қўйилди. Зарур стимуляцияга қаратилган ёрдам дастурини имкон қадар тезроқ бошлаш жуда муҳимдир. Агар бола ҳаётининг энг дастлабки босқичида жамиятга мослаштирилса, бу алоҳида натижаларни беради.
Шаҳноза Мирзиёева биринчи лойиҳа нега айнан Нукус шаҳрида амалга оширилганини тушунтириб берди: «Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 17,5 фоизга ошди. Биз Орол инқирозидан жабр кўрган минтақага самарали ёрдам кўрсатишимиз керак. Айнан президент ташаббуси, унинг қўллаб-қувватлови билан ушбу ноёб лойиҳа йўлга қўйилди».
«Мен лойиҳани яратган, жиҳозлаган, дастур ёзган, ўқитган, видеосюжетлар тасвирга олган, логистика ва ташкилотчилик билан шуғулланган, бефарқ бўлмаган инсонларнинг катта жамоасига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Кўпчилигингиз тунларни ҳам бедор ўтказдингиз. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиши учун шу ерда яшадингиз. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ҳар бирингиз шу лойиҳага ҳисса қўшдингиз.
Ўтган уч ҳафта, яъни, марказимиз болаларга ўз эшигини очган кундан ҳозирга қадар ижобий натижалар юз берганини кўришдан хурсандмиз - болаларнинг табассуми, ота-оналар кўзидаги умид ва эртанги кунга бўлган умиднинг ортиб бориши. Бундай болаларнинг келажаги ҳар биримизга боғлиқ. Келинг, ногиронлиги бўлган ҳар бир инсонга ёрдамлашайлик ва қанот берайлик!» - дея ўз нутқини якунлаган Шаҳноза Мирзиёева.
Маълумот учун: Мактабгача таълим вазирлиги реабилитация марказларига эга бўлган ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини республиканинг бошқа ҳудудларида қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича ишларни давом эттиради.
Мавзуга оид
11:02 / 23.10.2024
Асила Мирзаёрова ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакил бўлди
19:16 / 11.09.2024
Ҳар бир камбағал оиланинг камида бир аъзоси олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади
12:09 / 23.08.2024
Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги махсус вакили этиб тайинланди
23:24 / 13.08.2024