Жамият | 22:38 / 06.04.2019
48665
2 дақиқада ўқилади

«Мирзиёевнинг нутқи, саҳна кўриниши ва мушакбозлик». Термизда фестиваль қандай бошланди?

Термизда биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, ҳукумат аъзолари, хорижий давлатлардан етиб келган юқори мартабали меҳмонлар, санъаткорлар  ва оммавий ахборот воситалари Сурхондарё вилоятида бўлиб турибди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев, Рустам Шамсутдинов ва Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев саҳналаштирган тадбирда Шавкат Мирзиёев табрик сўзи билан фестиваль иштирокчиларини қутлади. Маэстро Абдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги созандалар гуруҳи, Ўзбекистоннинг барча вилоятларига хос ранго-ранг, анъанавий либосларни кўз-кўз қилган раққос ва раққосалар фестивалга ўзгача жозиба бахш этди. 

«Алпомиш», «Гулойим ва қирққиз», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» достонларидан парчаларни жонли айтган бахши, жиров ва оқинлар Ўзбекистоннинг тарихий маданияти, урф-одатларини саҳнада жонлантирди. Шу билан бирга Бухоро мавригиси, Хоразм лазгиси томошабинлар қатори хорижлик меҳмонларни ҳам хушнуд этди. 

Ўзбекистонда биринчи марта ташкил этилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали очилиш тадбири турли ҳудудлардан йиғилган бахшиларнинг жўрлигида, мушакбозлик саҳнаси билан якунланди. Эртадан фестивалнинг асосий мусобақалари ва илмий-амалий анжуман иш бошлайди.

Мавзуга оид