Ўзбекистон | 11:47 / 12.04.2019
10506
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Стратегик режалаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Dreamstime

«Стратегик режалаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиш учун эълон қилинди.

Стратегик режалаштириш – мамлакат, унинг минтақалари, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, мақсадли параметрлари, устувор вазифаларини белгилаш, бунинг учун зарур дастур ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, деб ёзади Norma.

Ушбу механизмнинг асосий принциплари ҳамда давлат бошқаруви органлари: Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, бошқа республика органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланмоқда.

Стратегик режалаштириш ҳужжатлари учта даражада ишлаб чиқилади.

Ҳужжатнинг ҳар бир тури мазмуни ва ишлаб чиқиш тартиби қонун лойиҳасида баён этилган. Улар ўзаро мувофиқ келиши, зиддиятлар ва такрорлашлар бўлмаслиги керак. Ўрта муддатли стратегик ҳужжатлар (3 йилдан 5 йилгача) узоқ муддатлиларига (5 йил ва ундан ортиқ), қисқа муддатлилари (1 йилдан 2 йилгача) ўрта муддатлиларига мувофиқ келиши шарт.

Стратегик ҳужжатларни амалга ошириш алгоритми белгиланмоқда. Ижрочи ёки ёрдамчи ижрочи бўлган ҳар бир давлат органи чора-тадбирлар режасини (одатда, 3 йиллик) тасдиқлайди. Давлат, минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш прогнозлари ва концепцияларининг илмий жиҳатдан асосланганлигини Стратегик режалаштириш бўйича эксперт кенгаши аниқлайди. У Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этилади. Ўз навбатида, Вазирлик ҳужжатларни баҳолаш ва уларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш билан шуғулланади.

Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг лойиҳалари эълон қилиниб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар кўриб чиқилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Мавзуга оид