Ўзбекистон | 14:07 / 18.04.2019
29095
5 дақиқада ўқилади

Ҳукуматнинг деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари бўйича қарори қабул қилинди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.

2018 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида, республика бўйича 69,4 минг томорқа ер эгалари томонидан 4,0 минг гектар, жумладан Самарқанд вилоятида 995 гектар, Сурхондарё вилоятида 649 гектар, Қашқадарё вилоятида 624 гектар, Навоий вилоятида 384 гектар, Андижон вилоятида 294 гектар, Хоразм вилоятида 215 гектар ва Қорақалпоғистон Республикасида 323 гектар томорқа ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмаганлиги аниқланган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг таклифларини инобатга олиб, қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг прогноз кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишнинг прогноз кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳажмлари ва маблағлари ҳисоб-китоби тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзагрокимёҳимоя‘' акциядорлик жамияти, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик жамияти, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари - туман секторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида, туман ҳокимлари - деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кесимида ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотини инобатга олган ҳолда “бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштириш прогноз кўрсаткичларини уч кун муддатда тасдиқлайди;

деҳқон хўжаликлари ва томорқа участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун уруғликлар, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материалларини белгиланган тартибда етказиб бериш;

қишлоқ хўжалиги экинларини, боғ ва токзорларни касалликлар, зараркунандалар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш учун талаб этиладиган кимёвий препаратлар билан таъминлаш ва агрокимё хизматлари кўрсатиш;

вегетация даврида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлаш ва суғоришни ташкил этишда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўради.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан “Томорқа хизмати" МЧЖларига деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун маблағ ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари “Томорқа хизмати” МЧЖлари томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида уруғлар, кўчатлар ва бошқа зарур моддий ресурслар белгиланган тартибда етказиб берилишини ташкил этади.

Белгилаб қўйилишича, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кесимида тасдиқланган қишлоқ хўжалиги экинлари тўлиқ экилиши ва маҳсулот етиштирилишини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар сектор раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши масъул ҳисобланади.

Мавзуга оид