Ўзбекистон | 14:45 / 23.04.2019
5377
5 дақиқада ўқилади

Фуқаро авиацияси агентлиги, «Ўзтемирйўлназорат» ва «Ўзйўлинспекция»нинг асосий вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, агентлик фуқаро авиацияси ва экспериментал авиацияда ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини, шунингдек, ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси авиация маъмурияти функциясини амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.

Қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан хавфсиз фойдаланишлари, парвозлар инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, атроф-муҳитга ҳамда давлат манфаатларига хавф солмаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш, ўз ваколатлари доирасида ҳавода ҳаракатланишга хизмат кўрсатиш ташкил этилишини ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишни назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ва унинг объектларининг хавфсиз фаолият кўрсатишини, шунингдек, авиацияни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш орқали ҳаво кемалари йўловчилари ҳамда экипаж аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш;

парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фуқаро авиацияси фаолияти соҳасидаги сертификатлаш ишларини ташкил этиш ва таъминлаш;

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида давлат назоратини олиб бориш;

халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси манфаатларини ифода этиш.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомга кўра, “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш функцияларини бажарувчи, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритувчи бошқа ташкилотлар томонидан темир йўл транспорти соҳасидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган қоида ва нормаларга риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширувчи, шунингдек, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ташкилотлари ва корхоналарида қозонхона объектлари ва кўтариш иншоотларидан хавфсиз фойдаланишни назорат қилувчи давлат бошқаруви органи.

Қуйидагилар "Ўзтемирйўлназорат" инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

темир йўл транспортида фойдаланиладиган маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги назоратини амалга ошириш, шунингдек, уларни сертификатлашдан ўтказишни ташкил этиш;

темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш ва халқаро ташкилотларда Транспорт вазирлиги манфаатларини ифода этиш.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомга кўра, "Ўзйўлинспекция” юридик ва жисмоний шахслар томонидан автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга оид шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қуйидагилар “Ўзйўлинспекция”нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан автомобиль йўллари ва суньий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга оид шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш комиссияларининг ишида иштирок этиш;

йўл қурилиши бўйича шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг назоратини ташкил қилиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш;

йўл қурилиши материаллари, буюмлари ва конструкцияларни қонун ҳужжатларига мувофиқ стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш;

автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг мурожаатларига асосан йўл объектларининг сифат кўрсаткичларини белгилаш.

Мавзуга оид