Жаҳон | 15:27 / 24.04.2019
13416
2 дақиқада ўқилади

Руҳоний Эрон АҚШ билан музокара олиб бориш шартини айтди

Фото: AP Photo/Ronald Zak

Эрон АҚШ билан музокара ўтказиши мумкин, аммо ҳозирда бунинг учун қулай шароит яратилмаган, Вашингтон эса мулоқотга тайёр эмас. Бу ҳақда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний маълум қилди.

"Агарда босим (санкциялар) тўхтаса ва АҚШ кечирим сўраса, музокаралар бўлиши мумкин. Айримлар Қўшма Штатлар музокара ўтказишни хоҳламоқда, Эрон эса буни рад этмоқда деб ҳисобламоқда. Бундай эмас. Ҳозирда АҚШ мулоқот ўтказишга умуман тайёр эмас", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради ISNA агентлиги.

Руҳонийнинг айтишича, "Вашингтон яратган шароитлар музокара жараёни эмас, мантиққа зид ва бемаъни".

"Аввал АҚШ хатога йўл қўйганини исботлашимиз лозим. Улар (Вашингтон) ўзларини нотўғри тутишганини англаб етишганида ва муаммоларни мантиқ ва соғлом фикр билан ҳал қилишга тайёр бўлишганида биз музокаралар столига ўтирамиз", - деди Руҳоний.

Эронга қарши санкциялар Вашингтон томонидан 2018 йил ноябрда қайта тикланганди. 

Мавзуга оид