Жаҳон | 10:06 / 25.04.2019
3507
2 дақиқада ўқилади

Nissan собиқ раҳбари 4,5 млн доллар гаров эвазига озодликка чиқди

Фото: РИА Новости / Владимир Песня

Токио округ суди Nissan собиқ раҳбарини 500 млн иен (4,5 млн доллар) гаров эвазига озодликка чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Киодо агентлиги хабар берди.

Шундай қилиб, Карлос Гон кейинги икки ой ичида иккинчи марта гаров эвазига озодликка чиқадиган бўлди. Прокуратура мазкур қарор бўйича шикоят қилмоқчи.

Карлос Гон ўтган йил ноябрида ҳибсга олинганди. Унга 11 январда молиявий битимлар ҳақидаги қонунни бузиш ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш бўйича айбловлар билдирилган. 

Март ойи бошида Гоннинг янги адвокати унинг гаров пули ва Японияни тарк этмаслик ҳақидаги тилхати эвазига озод қилинишига эришган. Аммо озодликка чиқарилгандан бир ойдан камроқ вақтдан кейин яна панжара ортига жўнатилди.

Гоннинг навбатдаги ҳибсга олинишига у томонидан 2012 йилдан уммонлик дистрибьюторга тўловларнинг бир қисмининг ўзлаштирилиши сабаб бўлган. Прокурорлар Гонни 563 млн иенга (5 млн доллар) яқин пулни ўзлаштирганликда гумон қилишмоқда.

Мавзуга оид