Ўзбекистон | 12:30 / 27.04.2019
5477
3 дақиқада ўқилади

Энергетика тараққиётининг истиқболли йўналишлари халқаро илмий-амалий анжуманда муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида “Муқобил энергия – Ўзбекистон энергетика тизими тараққиётининг истиқболли йўналишларидан бири” мавзусида халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Мазкур анжуман 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар доирасидаги қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари давлат Дастурини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5646-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-Ф-сонли “2019 йилда ўтказиладиган халқаро илмий ва илмий-техник анжуманларни ўтказиш режаси тўғрисида”ги Фармойиши ижроси доирасида бўлиб ўтди.

Халқаро илмий-амалий анжуман қуйидаги шўъбалар бўйича ўз ишини олиб борди:

  1. Миллий иқтисодий тараққиётнинг ҳозирги босқичида энергия манбаларидан фойдаланишнинг жорий ҳолати ҳамда мавжуд муаммоларнинг илмий-амалий ечимлари;
  2. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишда “фан-таълим-ишлаб чиқариш” интеграциясини таъминлаш масалалари;
  3. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишда илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси “Физика–Қуёш” ИИЧБ Физика-техника институти, “Ўзбекэнерго” АЖ, Қуёш энергияси халқаро институти ва бошқа бир қатор соҳага тегишли бўлган 150 дан ортиқ идора-ташкилот вакиллари ҳамда институтнинг талабалари иштирок этди.

Шунингдек, анжуманда Ёджу техника институти ҳамда бир қатор ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси “Физика – Қуёш” ИИЧБ Физика-техника институти билан ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 18-21 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин мамлакатимизга ташриф буюрган чоғда, икки давлат ўртасида ижтимоий-иқтисодий ва маданий-марифий соҳаларда ҳамкорлик бўйича қўшма келишувлар имзоланган эди. Мазкур ташриф доирасида Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ҳам Корея Республикаси Миллий Кутубхона Ассамблеяси (The National Assembly Library, Republic of Korea) билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Мазкур Меморандум асосида эндиликда Институт талабалари Ўзбекистонда таълим олиш билан бир вақтда, Корея Республикаси Миллий Кутубхона Ассамблеясида мавжуд бўлган 650 минг инглиз тилидаги, 300 минг япон тилидаги ва 200 мингдан ортиқ бошқа чет тиллардаги ҳамда 3 миллиондан ортиқ корейс тилидаги кутубхона фондидан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.    

Анжуман якунлари бўйича илмий-амалий хулосалар ҳамда услубий тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Мавзуга оид