Жамият | 19:20 / 28.04.2019
197719
9 дақиқада ўқилади

«Охирги раунд»: Жаҳонгир Ортиқхўжаев қурилишлари бузилган инвестор билан камералар қаршисида баҳслашди

2018 йилнинг ноябрь ойида Kun.uz тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев мурожаати асосида суриштирув ўтказганди. Бу мурожаат бўйича тайёрланган «Бир кунда 600 минг доллардан ортиқ маблағ йўқотдим». Тошкентда тадбиркор қураётган уйлар бузиб ташланди» сарлавҳали мақолада тадбиркорнинг Мирзо Улуғбек тумани «Авайхон» маҳалласи ҳудудида қурилаётган 3 қаватли турар-жой биноси шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратида бузиб ташлангани баён қилинганди.

Маълум муддат ўтгач, «снос» можароси чет эл оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди. Муҳаммадбобур Хўжаев Тошкент шаҳри ҳокимини шаҳардаги қурилиш бозорини «монополияга айлантириш»да, арзон уй қураётган тадбиркорни «қурилиш бозоридан сиқиб чиқариш»да айблаганди.

Жорий йилнинг 5 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлаётган муаммо юзасидан матбуот учун брифинг бўлиб ўтди ва унда танганинг иккинчи тарафи ҳам кўринди. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев брифингда муаммо юзасидан фикрларини айтиб ўтди ва инвестор билан юзма-юз мулоқот ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

«Тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаевни умримда кўрмаганман, гаплашмаганман ҳам. Мен тўғримда оммавий ахборот воситаларида ҳар хил фикрлар билдирмоқда. Тадбиркор билан алоҳида ҳам, оммавий ахборот воситалари олдида ҳам суҳбатлашишга тайёрман. Марҳамат, келсин», - деганди шаҳар ҳокими.

Шундан сўнг, инвестор ҳам мулоқотга очиқ эканини билдирганди.

«Менда унга қарши далиллар бўлгани сабаб шундай фикрлар билдиришга мажбур бўлдим. Балки, унинг атрофидаги ёки менинг атрофимдагилар шундай низолардан манфаатдордир. Ҳар хил гаплар тарқалмоқда. Шуларнинг олдини олиш учун мени эшитишса, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан очиқ мулоқотга тайёрман», - дея жавоб қайтарганди инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев.

27 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев ўртасида очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбатга оммавий ахборот воситаси вакиллари ҳам таклиф этилди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Аввалига Жаҳонгир Ортиқхўжаев Муҳаммадбобур Хўжаевга ўз фикрларини исталган тилда билдириши мумкинлиги ва унинг сўзини охиригача эшитишини маълум қилди.

Инвестор шаҳар ҳокимини тет-а-тет (алоҳида юзма-юз) шаклда суҳбатлашишга чорлади. Бунга жавобан ҳоким ҳеч кимдан яширадиган сири йўқлиги ва барчанинг кўз ўнгида баҳслашишга тайёрлигини билдирди.

«Менинг халқдан ҳам, оммавий ахборот воситаларидан ҳам яширадиган сирим йўқ. Аслида депутатлар қилиши керак бўлган ишни журналистлар қилмоқда. Муаммоларни улар ёритишмоқда. Улардан ҳаммамиз миннатдормиз.

Шу вақтга қадар, истаганингизча, маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларида мени ёмонлаб чиқишлар қилдингиз. Ҳозиргача индамай, жавоб қайтармай келдим. Сиз эса андишанинг отини қўрқоқ қўйдингиз. Бугун уларнинг олдида ошкора гаплашиб, муаммони ҳал этишимиз керак», - деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Инвестор брифинг тарзида суҳбатлашишга тайёр эмаслиги, фақатгина муаммони тинч йўл билан ҳал этмоқчилиги ва унинг ҳуқуқшунослари ҳам бундай баҳсда қатнашиши зарурлигини билдирди. Шаҳар ҳокими брифингдан сўнг, алоҳида ҳам гаплаша олишини маълум қилди.

Шундан сўнг, баҳсни инвестор аввал ҳам ОАВ орқали айтган гапларини такрорлади.

«Мен қурилиш ишлари билан шуғулланадиган инвесторман. Бир муддат аввал Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигидан вакил бўлиб Элшан Азизов деган шахс келди. «Авайхон» маҳалласида ички ишлар ходими учун бино қуришим кераклиги, бўлмаса, тумандаги биноларим бузилишга тушиши мумкинлигини айтди. Рози бўлиб ички ишлар ходимлари учун бино қурдим.

Очилиш маросимига бош вазир Абдулла Орипов ва сиз ҳам келгандингиз. Кейинроқ Юнусобод туманидаги уйда рўй берган ис гази билан боғлиқ воқеани асос қилиб ҳали битказилмаган уч қаватли уйимни буздириб ташладингиз», - деди у.

Шаҳар ҳокими «ҳеч кимга суд қарорисиз уйни буз демагани, керакли кўрсатмаларни бергани»ни айтиб, «ҳар бир ҳолатни аниқ далиллар билан асослаб гапириш»ни сўради ва тадбиркорнинг қолган мулклари қонун асосида ҳал этилишини айтди.

Тадбиркор туман ва шаҳар ҳокимлигидан бир неча шахс у қурган уйларга келиб, унга қарши материаллар тўплашганидан шикоят қилди. Шаҳар ҳокими эса ҳар бир фуқаро билан шахсан ишлаш президент талаби экани ва шу сабабдан ҳокимият вакиллари мурожаат асосида ўз вазифасини бажарганини тушунтирди.

Қайд этиш керакки, инвестор шу вақтгача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга ўз бошига тушган ишлар юзасидан мурожаат қилмаган. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг нега бундай қилмагани ҳақидаги саволига у Ўзбекистондаги суд ва ҳуқуқ тизимига ишонмаслигини айтиб жавоб берди.

Ҳоким бир вақтлар инвестор томонидан қурилган, ҳокимият томонидан уйсиз кишиларга топширилган уйлар масаласида изоҳ берди.

«Биринчидан, бу уйларни ҳокимият сотиб олиб уйсизларга топширмаган. Ўша ҳудудда яшовчи инсонларни кўрганимдан сўнг раҳмим келди. Уларга албатта ёрдам беришни мақсад қилдим. Шу мақсадда шахсан бир неча тадбиркорга мурожаат қилдим. Чунки бу масалани битта ҳокимият ҳал қила олмасди. Бюджетда ҳам жуда кам маблағ қолганди. Бу ташаббусда «Артел» ва «Акфа» компаниялари ҳам қатнашди. Беғараз ҳомийликлари эвазига уйсизлар уйли бўлишди», деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Маълум бўлишича, «Артел» ва «Акфа» ходимлари уйсиз чин етимларга уй беришда кўмаклашиш учун Муҳаммадбобур Хўжаевдан 37та уй сотиб олишни режалаштирган. Компаниялар бюджетидан 4,5-4,8 миллиард сўм атрофида маблағ ажратилган. Лекин ҳужжатларда 37та квартира учун 200 миллион сўм миқдоридаги сумма кўрсатилган. Инвестор уйларни ҳужжат бўйича 3-5 миллион сўмдан сотган. Нотариус тасдиқлаган ҳужжатларда сумма жуда паст кўрсатилган. Уйлар нархи аслида 15-16 минг АҚШ доллари атрофидаги суммадан бошлаб майдонига қараб ошиб борган. Муҳаммадбобур Хўжаевга қарашли қурилиш ташкилоти ишчилари компания ходимларига қолган пулни нақд пул кўринишида олиб келишини айтишган. «Артел» ва «Акфа» компаниялари ходимлари «Чорсу» бозоридаги ўша вақтдаги «қора бозор»дан 500 минг АҚШ долларига яқин валюта сотиб олиб, нақд пул кўринишида қурилиш ташкилоти раҳбарларига олиб бориб беришган. Шундан сўнг, уйлар ҳомийлик асосида текинга уйсиз инсонларга тарқатилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Хаджизадаевнинг маълумот беришича, инвесторга қарашли корхоналар фуқароларга жами 720та уй сотган. Агар барча уй нархлари худди шундай нархи камайтирилган ҳолда кўрсатилиб расмийлаштирилган бўлса, давлатдан яширилган даромад тахминан 22 миллиард сўмни ташкил қилади. Бу билан керакли ташкилотлар шуғулланиши қўшимча қилинди.

Шу билан бирга, инвестор томонидан ишсиз қолгани айтилган 600 нафар ишчи ҳам қонунда белгиланганидек корхонага қонуний тартибда ишга олинмаган. Аслида улар меҳнат қонунчилигида белгиланган тартиб асосида фаолият юритиши керак бўлгани эслатиб ўтилди.

Шунингдек, шаҳар ҳокими инвестор қурган уйларни халқаро миқёсда фаолият юритадиган мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказишни таклиф қилди. Муҳаммадбобур Хўжаев бунга рози бўлса, экспертиза маблағлари шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан қопланишини, уйлар белгиланган талабларга жавоб бермайдиган бўлиб чиқса, ўша ердаги фуқаролар томонидан кўрилган зарарларни қоплаб бериш тадбиркор зиммасига юклатилишини айтди.

«Мен қонунга амал қилган, солиқларни ўз вақтида тўлайдиган ҳалол тадбиркорни яхши кўраман. Унга ваколатим доирасида қўлимдан келган барча ёрдамни кўрсатишга тайёрман. Қонунан фаолиятингизни қайта йўлга қўйиб давом эттирсангиз, марҳамат, кўмагимни аямайман», деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Баҳс очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилди. Тадбир якунлангач, ҳоким аввалбошда ваъда берганидек, тадбиркор билан алоҳида юзма-юз суҳбатлашди. Бу суҳбат мазмуни ҳозирча оммавий ахборот воситалари вакилларига маълум қилинмади.

Kun.uz журналисти Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид