Жамият | 20:23 / 30.04.2019
33832
4 дақиқада ўқилади

Афғон уруши қатнашчисига суд қарори билан имтиёзли пенсия тайинланди

Сайтимизга аҳоли томонидан турли-туман мурожаатлар келишда давом этмоқда. Мурожаатлар орасида ҳарбий соҳага тааллуқли шикоятлар ҳам бор. Ҳусусан, собиқ совет даврида юртимиздан ҳарбий хизмат учун Афғонистонга юборилган ватандошларимиз томонидан йўлланган мурожаатларда афғон уруши қатнашчиларига бир йил уч йилга тенглаштирилиб пенсия тайинлаш қонунчилигимизда белгилаб қўйилгани, аммо бу қонун нормасига кўплаб давлат ташкилотларида беписандлик билан қараб келиниши баён этилади.

Афғон уруши қатнашчисининг судга эътирози

Шундай масалалардан бири ўтган йили Олий судда йилда кўриб чиқилган. Унга кўра, собиқ ҳарбий хизматчи А.А. 1988 йил май ойидан 1989 йил февралига қадар Афғонистондаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий хизматни ўтаган. Сўнгра 2000 йилдан ҳарбий хизматга чақирилиб то 2016 йилда соғлиғи бўйича нафақага чиқишига қадар хизматни ўтаган. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Молия-иқтисод бош Бошқармаси мансабдор шахслари пенсияни нотўғри ҳисоблаши натижасида ҳарбий хизмат даври 19 йил 7 ой сифатида белгиланган.

А.А. бу масала юзасидан судга мурожаат қилади. Биринчи инстанция суди ва апелляция инстанциялари томонидан иш кўриб чиқилади. Бироқ унинг аризаси қаноатлантирилмайди. Шунда собиқ ҳарбий Олий судга мурожаат этади. Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни кўриб чиқди ва ажримга кўра, олдинги инстанция қарор ва ажримлари бекор қилинди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Молия-иқтисод бош Бошқармаси мансабдор шахслари устидан берилган шикоятни қаноатлантирди ва ҳарбий хизмат даврини имтиёзли равишда ҳисоблашни рад этиш ҳаракати ғайриқонуний деб топилиб, Афғонистонда ўталган давр имтиёзли, яъни бир йилни уч йилга ҳисоблаш вазифаси юклатилди.

Суд бу қарорга келишига қайси қонун ҳужжатлари сабаб бўлди?

- «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 38-моддаси;

- «Мудофаа вазирлигида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига давлат пенсия ва нафақаларини тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида»ги Низомнинг 12-банди;

- «СССР Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига давлат пенсиялари ва нафақаларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом 21-моддаси «б»-банди ва 24-моддаси «и»-банди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ 257-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги Низом 24-банди.

Мазкур фуқаролик иши Республика Ҳарбий прокуратурасининг назорат протести асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича ҳайъати томонидан 2018 йилнинг 3 октябрь куни кўриб чиқилиб, қуйи инстанция судларининг ноқонуний қарорлари бекор қилинган ва Мудофаа вазирлиги мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, А.Абдурахмоновнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича мажбурият юклатилган.

Агар сизда ҳам шундай ҳолат кузатилаётган бўлса, судга мурожаат қилинг.

Ушбу маълумот Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси томонидан тақдим этилган Олий суд ажрими асосида ёзилди.

Мавзуга оид