Жаҳон | 21:45 / 08.05.2019
7914
2 дақиқада ўқилади

“Аэрофлот” Superjet самолётларидаги 10дан кўпроқ рейсни бекор қилди 

Фото: Андрей Рудаков / Bloomberg

“Аэрофлот” авиакомпанияси Superjet самолётларида амалга оширилиши керак бўлган бир нечта рейсни бекор қилди. 

Аввалроқ “РБК” нашри Шереметьево аэропортида Superjet 100 самолёти ҳалокатидан кейин авиакомпания Москвага ва Москвадан 5 та рейсни бекор қилгани ёки қолдирганини маълум қилган. Рейсларнинг бекор қилиниши йўловчиларга техник носозликлар билан тушунтирилган. Энди бу эпизодларга яна бир нечтаси қўшилди. 

Жумладан, Москвадан Нижний Новгородга, Нижний Новгороддан Москвага, Москвадан Гётеборгга ҳамда шу йўналиш бўйича ортга рейс, Москвадан Белгородга рейслар бекор қилинган.

Авиакомпанияда бунга изоҳ беришдан бош тортилган.

“Ўйлашимча, рейсларнинг бундай миқдорда бекор қилиниши ёки қолдирилиши экипажнинг самолёт ҳолатига синчковроқ эътибори билан боғланган. Экипаж носозликка заррача шубҳа бўлса, бу ҳақида ариза беради ва рейсга чиқишдан бош тортади”, деб айтган Давлатлараро авиация қўмитасининг собиқ ходими, авиация хавфсизлиги бўйича мутахассис Сергей Ковалев.  

“Аввал ҳам шундай бўлган – ҳалокатлардан кейин ҳар бир турдаги самолётда камчиликлар бўлгани аниқланади, бироқ экипаж бу ҳақда хабар бермаган ёки эътибор қаратмаган бўлади. Экипаж ҳалокатгача баъзи носозликларни эътиборсиз қолдирган бўлса, энди барчаси, ҳаттоки энг кичик нарса ҳам текширилади. Ҳеч ким Москва-Мурманск рейси экипажи тақдирини такрорлашни истамайди”, деб қўшимча қилган мутахассис.

5 май куни “Аэрофлот”нинг Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти билан Шереметьево аэропортида ҳалокат юз берганди. Ҳалокат оқибатида 41 киши ҳаётдан кўз юмган.

Мавзуга оид