Ўзбекистон | 15:20 / 09.05.2019
32800
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Зангиота туманида истиқомат қилган Зулфия Зокированинг матонати ҳақида гапирди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Унда давлат раҳбари Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида истиқомат қилган Зулфия Зокирова ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот – онадир. Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир.

Бамисоли сабр-бардошдан яралган, уруш йилларида муқаддас Ватан тимсолига айланган бундай метин иродали оналар юртимизда кўплаб топилади.

Сўзимнинг исботи учун бир мисол келтирмоқчиман. Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида Зулфия ая Зокирова исмли бир мўътабар онахон яшаб ўтганлар. Том маънода буюк бу инсоннинг жасоратини таърифлашга тил ожиз.

Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач Зулфия ая беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказганлар.

Ҳаммамиз яхши биламиз, она зоти учун фарзанд доғини кўришдан ҳам оғир йўқотиш йўқ. Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган.

Ўзингиз айтинг, қадрли дўстлар, ҳар қандай одамни ҳам йиқитиб, яксон қиладиган тақдирнинг бундай бешафқат зарбасига бардош бериш мумкинми?

Лекин Зулфия Зокировадек матонатли, қаҳрамон ўзбек аёли бунга бардош бера олди. Шундай фожиали қисматга беш марта кўксини қалқон қилиб, беш марта ҳам мардона оёққа турди. Бунинг учун одамда қанчалик кучли ирода, қанчалик метин сабр-бардош бўлиши керак!

Ёвуз уруш туфайли аянинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Унинг ўзи эса бир умр мотамда яшади. Лекин ҳеч қачон умидсизликка тушмади, ўғилларининг сўнмас хотираси, ёруғ кунлар ёди билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, орзу-умидлари билан яшади.

“Жойи чиқса, турмуш қилинглар, мен сизлардан мингдан-минг розиман”, дейди Зулфия ая келинларига. Лекин улар ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, унга мадад бўлиб, барчаси ўз ёрига, оиласига содиқ қолади, бошқа турмуш қурмайди.

Мана, ўзбек аёлларининг, ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати!

Мана, севги ва садоқат мадҳияси, унинг енгилмас куч-қудрати!

Мана, ёшларимиз, фарзандларимиз кимдан намуна ва ўрнак олишлари керак!

Ҳаётда бирон-бир қийинчиликка дуч келса, умидсизликка тушмасдан, уларни бардош билан енгиб ўтишда Зулфия Зокирова ва унинг оиласи ёш авлодимиз учун чинакам ибрат мактаби эмасми?

“Яхшилар ёди ҳеч қачон унутилмайди”, дейди халқимиз. Биз эзгу ният билан барпо этадиган Ғалаба боғи марказига Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатсак, унга “Матонат мадҳияси” деб ном берсак, нима дейсизлар?» - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид