ИИББ «доля, положенец ва рэкет» ҳақида тарқалган маълумотлар юзасидан баёнот берди
Интернетда ички ишлар органи ходимларини гўёки “фош этадиган” навбатдаги мақола чиқиб, унинг муаллифлари хусусан Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарларидан бирини айблашмоқда, дея хабар беради ИИББ матбуот хизмати.
“Аноним манбаларга” таянган ҳолда журналистлар ички ишлар органи ва криминал элементлар “Молдовадан келган тадбиркорлардан зўрлик билан улуш ундираётганлари” ҳақида ёзишган. Ушбу шубҳали матннинг муаллифи кўпроқ эътибор жалб қилиш мақсадида “жар солувчи” сарлавҳа ва турли хил жимжимадор жумлалардан фойдаланган, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу мақолани чоп этишдан мақсад Тошкент шаҳар ИИББ ходимларини обрў-эътиборини тўкиш эканлиги яққол кўриниб турибди.
Таъкидланишича, муаллиф “юқори лавозимда ишловчи амалдорларнинг” исмларини келтирмаслигини, “ҳозирча маълумот фақатгина суҳбатдошлар билан мулоқотдан олинганлиги” билан тушунтириб ҳийла ишлатмоқда. Юқорироқда у “юқори давлат лавозимида ишловчи шахс” томонидан тайинланган Тошкент бўйича аллақандай “вазият эгаси”нинг сўзларини келтирган. Тошкент шаҳар ИИББ сайтидан барча раҳбарлар бўйича маълумотлар келтирилган. Улар тўғрисидаги маълумотлар ҳам, идоранинг фаолияти ҳам сир тутилмайди.
Иккинчидан, таҳририят вакили ҳақиқатдан ҳам Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати бошлиғи ўринбосари билан телефон орқали боғланиб, аниқ фактларсиз ёзиладиган барча маълумотлар асоссиз бўлиб, миш-мишдан бошқасига ярамаслиги ҳақида изоҳ олган, дейилади маълумотда.
“Шунингдек, журналистга хат билан ёки идоранинг сайтига ИИББ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини фош қиладиган материалларни йўналтириш тавсия этилган. Аммо ҳалигача сайтга бу каби бирорта мурожаат келиб тушмади. Бунинг сабаби исботлар йўқлигидами?
Энди Молдовадан келган “тадбиркорларга” тўхталсак.
Жорий йилнинг баҳорида пойтахт ИИББга келиб тушган мурожаатларда одамлар уларга оддий молни уч баравар нархда сотган молдован миллатига мансуб шахсларга нисбатан чора кўришни сўрардилар, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аҳоли билан профилактик суҳбатлар ўтказишди. Маҳаллий аҳоли ва меҳмонларга қўлдан турли хил моллар харид қилишга шошмасдан, уларнинг нархини дўконлардан аниқлаштириш тавсия қилинган эди. Ходимлар аҳоли вакилларига Молдова фуқароларининг ҳаракатларидан жиноят таркиби йўқлигини тушунтиришди. Бундан ташқари, Молдова вакилларидан баъзилари тадбиркорлик билан шуғулланиш учун патентга эга эдилар. Тошкент шаҳар матбуот-хизмати томонидан видеосюжет тайёрланган бўлиб, унда бу каби ҳолатлардан бири тўғрисида батафсил сўз юритилган”, - дея билдирган ИИББ.
Маълум қилинишича, илгари, яъни 2015-2018 йилларда ҳам пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари томонидан Молдовадан келган ўзларини тадбиркор сифатида таништирган шахсларга нисбатан чора кўришни сўраган. Келиб тушган аризалар асосида ўндан ортиқ фирибгарлик фактлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”) бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Бундан ташқари, чет эл фуқароларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузилганлиги билан боғлиқ фактлар бўйича юздан ортиқ маъмурий баённомалар тузилиб, 500 га яқин Молдова фуқаролари республикадан чиқариб юборилганлар. Солиқ органлари ходимлари Тошкент шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ўтказган тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги бузилганлиги бўйича юздан ортиқ фактлар аниқланган.
“Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдиришлари натижасида, эндиликда Молдова фуқаролари пойтахтда эмас, Тошкент вилоятида қўним топадиган бўлишган.
Молдова фуқароларнинг баъзилари Ўзбекистонга туризм ёки инвестиция киритиш учун эмас, балки ноқонуний фаолият юритиш мақсадида келиб, маиший техника ва бошқа уй анжомларини бир неча баравар қиммат нарх эвазига сотиш учун келишларини тошкентликлар тушуниб қолишган. Ёлғончилар молларни “Чилонзор буюм бозори” (“Ипподром”), “Тошкент савдо маркази” (“Абу Сахий”), “Бек-Барака” бозорларидан харид қилиб, ўз харидорларини “мол чет давлатда ишлаб чиқарилганлигига ва юқори сифатли эканлигига” ишонтиришларига кўплаб ҳамюртларимиз амин бўлдилар.
Тошкентликлар эҳтиёткор бўлиб қолганликларидан, ички ишлар ходимлари эса бу каби фирибгарликларга қарши фаол иш олиб боришларидан норози бўлган Молдова фуқаролари ўша мақолада баён қилинган “аноним тадбиркорлардир”.
Савол: агар пойтахт ИИББ ходимлари “улуш ундириш” билан шуғулланишса, Молдова фуқаролари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши шунчалик фаол курашармидилар? Жавоб равшан кўринади: у ҳолда сохта тадбиркорлар тошкентликларни “туширишда” давом этиб, пойтахтда бемалол истиқомат қилишар эди”, - дейилади ИИББ маълумотида.
Қайд этилишича, “кўча” сўзининг маъноси ҳам бугун ўзгариб, унда криминал маъно деярли қолмаган. Тўлиқроқ ишонч ҳосил бўлиши учун ҳозирда тадбиркор, илгари жиноий муҳит аъзоларидан бири бўлган 52 ёшли Дилмурод К.нинг фикрини келтирилган (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилган): “...Мен илгари бир неча бор турли хил жиноятлар учун судланиб, узоқ вақт озодликдан маҳрум бўлганман. Ўзбекистонда бугун “ўғрилар тушунчаси” ҳам, давлат ҳудудида жиноий муҳитни тартибга солиб турадиган ҳеч қандай “вазият эгалари” ҳам, “кузатувчилар” ҳам йўқ. Бу энди қизиқ эмас. Менга бир назар солинг: бизнес билан шуғулланаман, ҳаммаси қонун доирасида – бутун маданиятли дунёдаги каби. Муаммолар бўлиб туради, лекин уларни барчасини қонуний ҳал этиш мумкин”.
“Таҳририятга яна бир бор мурожаат қилмоқчимиз: агар сизда аниқ фактлар бўлса, уларни бизга тақдим этинг, шунда текширув ўтказилиб, айбдорлар жазоланадилар. ИИВ ва ИИББ раҳбариятининг ходимлар томонидан содир этиладиган қонунбузарликларга нисбатан поцизияси қатъий. Исбот-далиллар йўқ экан, интернетда чиқарилган матндаги ички ишлар органи ходимларининг ҳуқуқбузарликларга алоқадорликлари тўғрисидаги айбловлар асоссиз ҳисобланиб, миш-мишлардан бошқа нарса эмас”, - дея якунланади ИИББ хабари.
Мавзуга оид
07:47 / 15.06.2021
Тошкентда ИИББ ходими ва ички ишлар бўлимига келган фуқаролар ўртасида келишмовчилик келиб чиқди
17:34 / 20.05.2021
Бўстонлиқда Тошкент шаҳар ИИББ ходими иштирокида ЙТҲ содир бўлди
12:01 / 06.05.2021
Равшан Султонхўжаев Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари этиб тайинланди
23:51 / 24.02.2021