Жаҳон | 21:14 / 15.05.2019
9522
2 дақиқада ўқилади

Хитойда “Википедия” тўлиқ блокланди

Фото: Gary Cameron / Reuters

Хитой ҳукумати “Википедия” онлайн-энциклопедиясининг барча тиллардги версияларига киришни чеклади. Бу ҳақда онлайн-энциклопедияни қўллаб-қувватловчи “Викимедия” жамғармасига иқтибос келтирган ҳолда “Би-Би-Си” телеканали хабар берди. 

“Интернет-трафик батафсил таҳлил қилингандан кейин Хитойда “Википедия” барча тилларда блокланганини тасдиқлай оламиз”, деб айтилган жамғарма хабарида. Жамғарма вакилларининг айтишича, улар сайтга киришнинг тақиқланиши ҳақида Хитой ҳукуматидан ҳеч қандай огоҳлантириш олишмаган.

Бунгача Хитойда “Википедия”нинг фақат хитой тилидаги версиясига кириб бўлмаётганди. Бироқ интернетда блоклашлар ортидан кузатувчи OONI лойиҳаси маълумотларига кўра, апрель охиридан энциклопедиянинг бошқа тиллардаги версияларига чеклов жорий қилинган.

Хитойда онлайн-энциклопедиядан ташқари, Google, Facebook ва LinkedIn’га ҳам кириш блокланган.

2017 йил апрелда “Википедия” Туркияда ҳам тақиқланганди. Расмий Анқаранинг фикрича, сайт Туркияни халқаро майдонда ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми бўлган.

Мавзуга оид