Жамият | 12:45 / 17.05.2019
12723
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: истеъмолга яроқсиз сариёғ савдосига чек қўйилди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Учтепа туман бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда фуқаро Ж.Ш. ЯТТ «А.Б»нинг муҳридан фойдаланиб, унинг номидан сохта юк-хатини тайёрлаб, Литва давлатида ишлаб чиқарилган, истеъмол қилиш муддати ўтган жами 550 кг. сариёғни ҳар бир килограммини 56,0 минг сўмдан ҳисоблаб 30,8 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Тадбир жараёнида, Ж.Ш.нинг кўрсатмаси бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган «Z-T» МЧЖ омборхонаси кўздан кечирилганда Литва давлатида ишлаб чиқарилган истеъмол қилиш муддати ўтган жами 22.450 кг сариёғ мавжудлиги шунингдек, «I-F» МЧЖ томонидан мазкур омборхонадан 625 кг. сариёғ «Ўрикзор» савдо мажмуаси ҳудудида савдога қўйилганлиги аниқланган.

Шунингдек, ўтказилган лаборатория таҳлили натижаларига кўра ушбу сариёғ маҳсулотлари истеъмолчиларнинг ҳаёти ва хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Тадбир якуни бўйича, умумий нархи 1,3 млрд. сўмлик жами 23.625 кг истеъмол қилиш муддати ўтган сариёғ маҳсулотлари олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ж.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид