Light | 11:20 / 22.05.2019
74964
7 дақиқада ўқилади

Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази. Қизилқум чўлидаги мўъжизавий масканга саёҳат – фото

Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликда, жануби-ғарбий томонидаги чўл ҳудудида 300 гектар ер майдон эгаллаган Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази (АЙТАМ) жойлашган.

Марказ Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Дубай амирлигининг ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ташаббуси билан 2008 йилнинг апрель ойида ташкил этилган.

АЙТАМнинг асосий фаолияти Ўзбекистонда Осиё йўрға тувалоғининг барқарор популяциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўпайтириш ва асраш ишлари ҳамда ҳар йили ушбу турни ёввойи табиий муҳитга қўйиб юбориш кампаниялари каби тадбирлар мажмуасидан иборат.

22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик куни муносабати билан АЙТАМ ва Навоий вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари учун марказ бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

«2007 йилда марказдаги асосий фаолияти бошлангунига қадар бирламчи галани яратиш учун зарур бўлган ёввойи тухумларнинг дастлабки коллекцияси жамланган эди. Ушбу коллекцияни йиғиш ишлари Ўзбекистон ҳукуматининг рухсати билан 2012 йилгача амалга оширилди. Шу билан бирга, ёввойи табиатга чиқариб юбориладиган қўшимча қушларни кўпайтира оладиган йўрға тувалоқ қушларининг наслдор галасини яратиш мақсадида марказда 2008 йилдан бошлаб қатъий генетик назорат остида йўрға тувалоқ қушини тутқунликда кўпайтириш ишлари ҳам йўлга қўйилган» – дейди марказ менежери Рустам Тўхтамуродов.

Осиё йўрға тувалоғи – ўртача ўлчамларга эга қуш бўлиб, ёзилган қанотларининг узунлиги 1,5 метрни ташкил қилади. Танасининг юқори қисмидаги патлар ола-чипор, сарғиш-кулранг, пастки қисмидаги патлар эса  оқиш тусга эга. Нар ва мода қушларнинг узун қора патлари бўйиннинг ён томонларида, оқ патлари бўйин пастки қисмининг олд томонида жойлашган.

Осиё йўрға тувалоғи Марказий Осиёда кўпаядиган кўчиб яшайдиган қуш ҳисобланади. Ушбу тур баҳорда Ўзбекистонга учиб келиб, март-июнь ойлари оралиғида Марказий Осиёда кўпаяди. Октябрь ойида йўрға тувалоқ нисбатан иссиқ бўлган ҳудудларга – Афғонистон, Эрон, Покистон ва Арабистон ярим оролига қишлаш учун учиб кетади.

Йўрға тувалоқ аксарият вақтини ерда озуқа излаш билан ўтказади. У қуруқ муҳитга мослашган, бутали ва очиқ майдонларга эга чўл ҳамда яримчўл ҳудудларда яшашни афзал кўради. Ушбу қуш ҳар нарсани еяверадиган турга мансуб бўлиб, ўсимликлар ва уларнинг уруғлари, майда калтакесак, ҳашаротлар ва бошқа умуртқасизлар билан озиқланади.

Кўпайиш мавсумида нар йўрға тувалоқ ўзига тегишли ва ҳар йил фойдаланадиган ҳудудда ниҳоятда гўзал никоҳ рақсини ижро этади, мақсад – мураккаб рақс орқали қўшнилари билан рақобат қилиш ва мода қушларни жалб қилиш.

Мода қушларнинг аксарияти икки ёки уч ёшида жинсий балоғатга етади. Улар нар қушлар рақсга тушаётган ҳудудларга фақат жуфтлашиш учун ташриф буюришади, жуфтлашишдан кейин бошқа ҳудудларга кетиб, тухумни ўша ерда қўядилар.

Мода йўрға тувалоқ тухум қўйиш ва босишни нар қушлар ёрдамисиз амалга оширади. Ўзбекистонда мода йўрға тувалоқлар одатда иккитадан тўрттагача тухум қўйиб, 21-22 кун давомида босиб ўтиради.

Йўрға тувалоқ ўз ареалида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган тур ҳисобланиб, табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи томонидан «заиф» деб таснифланган, йўқолиб бораётган турлар бўйича халқаро савдо тўғрисидаги, Кўчиб яшовчи ёввойи ҳайвонларни асраш бўйича Конвенцияларнинг I иловаларига киритилган.

Марказнинг асосий вазифаси Ўзбекистондаги йўрға тувалоқ қушининг мустақил популяцияларини тиклаш ва ҳимоя қилишга қаратилган комплекс стратегияни амалга оширишдан иборат.

Мазкур истиқболли мақсадга эришиш учун АЙТАМ доимий равишда турли соҳаларда, жумладан, экология, физиология, озиқлантириш ва тиббий ветеринарияда янги ёндашувларни ишлаб чиқмоқда. Мутахассисларнинг кенг қамровли билимлари ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотлар бу ёндашувларнинг асоси ҳисобланади.

Марказ турни тутқунликда кўпайтириш бўйича станцияни яратиш ва ишини ташкил қилиш, табиий популяцияларни мустаҳкамлаш, оқилона экологик дастурларни амалга ошириш йўли билан турлар ва яшаш муҳити ҳақидаги асосий билимлар кўламини кенгайтириш ишларини олиб боради.

Марказда асосан йўрға тувалоқларни парваришлаш бўйича беш босқичли жараён мавжуд.

Биринчиси – Навқирон ёшдаги қушларни парваришлаш ва кўпайтириш бўлими. Бу бўлимда тухум йиғиш ишлари амалга оширилади ва лабораторияда генетик ўрганишлар олиб борилади.

«Бу бўлимда жами 1980та йўрға тувалоқ қуши бор. Шундан 841таси нар (эркак), 1139таси мода (урғочи) қушлар. Бўлимда қушлар асосан беда ва қуртлар билан озиқлантирилади. Ҳар кунлик тухумлар инкубация цехига етказилади», – дейди бўлим масъули Нилуфар Ҳусанова.

Иккинчиси – инкубация цехи. Бу ерда қушларнинг тухумлари махсус инкубаторларда 21-22 кунда очирилади.

Учинчиси – полапон қушларни парваришлаш цехида инкубация цехида очирилган полапонлар сақланади.

«Бу бўлимда полапонлар ўн кунга қадар парваришланади. Шу вақт оралиғида қушлар ёввойилаштирилади. Ҳар бир ярим соатда озиқлантириб турилади. Элликка яқин ишчи куни бўйи шу иш билан банд бўлади. Айни пайтда 750та полапон бор», – дейди бўлим масъули Дилрабо Ҳошимова.

Тўртинчиси – Ёввойилаштириш бўлими. Бу ерда ўн кунлик полапон қушлар йигирма кун давомида ёввойи ҳаётга ўргатилади. Сўнгра махсус эмлашлардан ўтказилиб, махсус тунелларга жойлаштирилади.

Бешинчиси – учиришдан аввал қушлар ёввойи табиатга тайёрланади.

Ҳар бир жараёнда қушлар мутахассис ва ветеринарлар назоратида бўлади. Айни вақтда марказда франциялик мутахассислар иш олиб бормоқда.

Беларусь эколог-орнитологлари марказда кўнгилли равишда экологик ва илмий тадқиқотлар ўтказмоқда.

Марказда 100 нафар ишчи доимий равишда фаолият олиб боради. Мавсум вақтида ишчилар сони 200 нафаргача етади. Ишчиларнинг 90 фоизи марказдан 15 км узоқликдаги Ўртачўл қишлоғидан, қолган 10 фоизи Навоий шаҳридан жалб қилинган. Ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Қатнов учун микроавтобус ва автобуслар қўйилган.

Ишчиларга марказ ҳисобидан хорижий тиллар ва  соҳа сир-асрорлари ўргатилади.

Бугунги кунда марказ объектларининг аксарият қисми фаолиятига мослаштирилган вақтинчалик қурилмалар ҳисобланади. 

Келгусида тўлиқ интеграллашган тизим қурилиши режалаштирилган. Янги марказ лойиҳанинг улкан мақсадларига мос келадиган, бунданда юқорироқ сифатга эга бўлади.

Қушларни ёввойи табиатга учириш мавсуми асосан сентябрь-октябрь ойлари ҳисобланади. 2012 йилдан шу вақтга қадар марказ томонидан табиатга 10 мингга яқин йўрға тувалоқ ёввойи табиатга учирилган.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид