Жамият | 00:56 / 25.05.2019
54830
2 дақиқада ўқилади

Таниқли актёр Баҳром Матчонов 17 йилдан кейин АҚШдан Ўзбекистонга қайтди

Таниқли ўзбек актёри Баҳром Матчонов 17 йилдан кейин АҚШдан Ўзбекистонга қайтди. Бу ҳақда бир қатор ОАВ маълум қилди.

Матчонов ўз вақтида “Кичкина табиб”, “Шайтанат” ва “Она” фильмларидаги роллари эвазига машҳурликка эришган. У охирги 17 йил давомида АҚШда яшаган.

“Мен АҚШга 2002 йилда кетганман. Ўшанда театримизда катта инқироз бўлган. Ўзбекистонда 2000 йилдан кейин фильмлар ишлаб чиқарилиши кескин қисқарган. Ўшанда АҚШга кетишимга тўғри келган. Мен ўз фарзандларимга яхши таълим беришим ва оиламни боқишим керак эди. АҚШга ҳеч нарсасиз кетганман ва ҳаттоки инглизчани билмасдим”, деб айтган актёр интервью вақтида.

Матчонов Ўзбекистонга мамлакатдаги ўзгаришларни кўргач қайтишга қарор қилган. Унинг айтишича, у режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Ибрат” фильмида роль олган.

Баҳром Матчоновнинг қизи таниқли россиялик театр ва кино актрисаси Равшана Куркова бўлиб, у “Барвиха”, “А у нас во дворе” сериалларидаги роллари орқали танилган. Равшана Баҳромовна Куркова (қизлик фамилияси Матчонова) 1980 йил 22 августда Тошкентда туғилган. Унинг бутун оиласи санъат олами билан боғланган. Отасидан ташқари онаси Раъно Кубаева ҳам киноактриса ва режиссёр, тоғаси Рауф Кубаев режиссёр ва сценарийнавис ҳисобланади.

Мавзуга оид