Урганч шаҳрида аҳоли қабристон ва қурилиш объекти орасида қолиб, азият чекмоқда
Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги Ёғду ва Ишчилар кўчасида истиқомат қилувчи бир неча оилалар Kun.Uz таҳририятига мурожаат этишди. Улар уй-жойларига жуда яқин бўлган ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилаётгани, натижада, кириш-чиқиш учун мўлжалланган ягона йўлдан ўтиш хавфли бўлиб қолгани, шаҳар ҳокимлиги эса ўзларини кўчириб юбориш ва компенсация тўлаш ишларини пайсалга солиб келаётганидан шикоят қилишди.
Ёғду ва Ишчилар кўчасида истиқомат қилувчи Жумабой Атаев, Жасур Атаев, Шоҳруҳ Атаев, Амина Бекманова, Жавлон Яқубов, Ишчилар кўчасида яшовчи Шавкат Ибрагимов оиласи билан учрашиб, мурожаат мазмунини ўргандик, вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йилдаги ПҚ-1874 қарори билан Урганч шаҳрининг бош режаси тасдиқланган бўлиб, унга асосан 10-сонли «Навбаҳор» маҳалласига кирувчи Ёғду ва Ишчилар кўчасидаги эски бинолар ўрнига кўпқаватли турар жойлар қурилиши белгилаб берилган.
2017 йилда Good Rival МЧЖ томонидан бу ҳудуддаги 1700 кв.м. ер майдонида кўпқаватли бино қурилиши бошланган.
Аҳоли учун муаммолар шундан кейин пайдо бўлган. Пудратчи ташкилотнинг қурилиш меъёрий талабларига риоя қилмаслиги, яъни қурилиш кетаётган ҳудуд атрофини ўраб, ёпиб қўймаслиги оқибатида яқин атрофдаги уй-жойларда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳаёти учун хавфли бўлган ҳолатлар юзага келган. Бундан ташқари, ҳудудга кириш-чиқиш учун мўлжалланган ягона йўл қурилиш транспорти, кран билан тўсиб қўйилган. Натижада, аҳолининг уй-жойларга хавфсиз кириб-чиқиш имконияти чекланган.
Қайд қилиш жоизки, бу ҳуддудда жуда эски қабристон ҳам бор. У кўп йиллардан бери ёпиқ бўлса-да, аҳоли яшайдиган ҳудудга жуда яқин жойлашган. Бизга мурожаат қилган аҳолининг уй-жойлари янги қурилаётган бино ва мана шу қабристон ўртасида қолиб кетган.
Бу ҳолат юзасидан Good Rival МЧЖ раҳбари Бобур Исмоиловдан изоҳ олдик.
«Қурилишни бошлаш учун Урганч шаҳар ҳокимлиги, Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекциясидан ва бошқа тегишли ташкилотлардан барча рухсатномалар олинган. Бундан ташқари, мурожаатчилар истиқомат қилаётган ҳудуд бизга ажратилган ер майдонига кирмайди. Бизга ажратилган ер майдонидаги аҳолини кўчириш билан боғлиқ барча ишларни бажарганмиз, компенсация пулларини Урганч шаҳар ҳокимлигига ўтказиб берганмиз. Бу уйни эса тезроқ қуриб битказишимиз керак, чунки мижозлардан пулини олиб қўйганмиз. Бу ҳудуддаги аҳолини кўчириб юбориш, уларга ер ажратиш ва компенсация тўлаш корхонамиз ваколатига кирмайди», - деди Исмоилов.
Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекциясидан (ДАҚН) қурилишнинг меъёрий талабларини бажармаган Good Rival МЧЖга нима учун қурилишни бошлашга рухсат берилгани билан қизиқдик. ДАҚН раҳбари Бекназар Қурбонов вазиятга қуйидагича изоҳ берди.
«Good Rival МЧЖга қурилиш учун рухсат берилиши «Ягона дарча» - Давлат хизматлари маркази талаби билан боғлиқ. Аввалроқ, тадбиркорларга қурилишни бошлаш учун рухсатнома 1 кун ичида берилиши шарт эди. Қурилиш объектлари сонининг кўплиги сабабли, баъзан шошма-шошарликка йўл қўйган ҳолда, Good Rival МЧЖга рухсатнома бериб юборилган. Ҳозирги кунда вазият ўзгарган, рухсатномани беришга 5 иш куни ажратилган. Ёғду кўчасидаги бу ҳолат бўйича Good Rival МЧЖ раҳбаридан тушунтириш хатини олдик. Қурилиш меъёрий талабларини бажармагани, атрофни тўсиб қўймасдан иш бошлагани учун қурилишни зудлик билан тўхтатишни талаб қилиб, огоҳлантириш хатини берганмиз», - деди Қурбонов.
Ёғду кўчасида истиқомат қилувчи оилалар бу ҳудуддан ўзларини тезроқ кўчириб юборилишини истаяптилар.
«Бу ҳудудда қурилиш бошланганидан бери сарсонмиз. Гоҳ йўлимиз ёпилиб қолади, гоҳ очилади. Баъзан қурилиш крани билан тўсилади. Болаларимиз эса шу йўлдан ўтиб мактабга бориши керак, бундан хавотир оламиз. Эски қабристон ҳам яқин, ёзда чанг-тўзон кўтарилади, уйимизга кириб кетади. Шу ҳаводан нафас оляпмиз. Бизга ер ажратилиб, компенсация тўланиб, тезроқ кўчириб юборишса яхши бўларди, бошимиз ғавғодан қутуларди», - деди шу ҳудудда яшовчи Жумабой Атаев.
Урганч шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил қилинган ер бериш ва реализация қилиш масалаларини кўриб чиқувчи доимий ишловчи комиссияси Ёғду кўчасида истиқомат қилувчи фуқароларни бир неча маротаба муҳокамага чақирган. Аммо уларга ер ажратиш ва компенсация тўлаб, бу ҳудуддан кўчириб юбориш ишлари деярли икки йилдан бери тўхтаб турибди. Бу вақт мобайнида, нарх-наволар ўзгариши сабабли, турар жой эгалари ўзига тегишли бўлган мулкни бир эмас, уч марта баҳолаш фирмаларида баҳолатиб олишган. Бу эса озмунча маблағ талаб қилмайди. Афсуски, иш шу пайтгача бир қадам ҳам олдинга силжимаган. Қурилиш ишлари эса ҳанузгача давом этмоқда...
Нурмуҳаммад Саид