Иқтисодиёт | 17:06 / 31.05.2019
13951
2 дақиқада ўқилади

Нега Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми импорт ҳажмидан кам? Статистика қўмитаси изоҳ берди

2019 йилнинг дастлабки чорагида экспорт ҳажми кўрсаткичлари импорт ҳажми кўрсаткичларидан пастлигича қолмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо статистикасини шакллантириш» мавзусидаги матбуот анжуманида сўз борди.

Давлат статистика қўмитаси раҳбарияти тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, 2019 йилнинг январь – апрель ойларида экспорт ҳажми 5,256,4 млн АҚШ доллари, импорт ҳажми эса 7,314,7 млн АҚШ долларига тенг бўлган.

Статистика қўмитаси раис ўринбосари Аъзам Икромов экспорт ҳажмининг импортга қараганда камлигига муносабат билдирди.

«Экспортнинг импортга нисбатан пастлиги импорт маҳсулотларига бўлган талаб билан боғлиқ. Яъни Ўзбекистон учун асосий импорт маҳсулоти асбоб-ускуналар ва машиналар (44 фоиз) ҳисобланади. Ҳозирги кеча-кундузда ишлаб чиқаришга эътибор қаратилаётгани, кўпроқ шу йўналишга сармоя киритилаётгани боис ҳам ўз-ўзидан замонавий асбоблар ва қурилмаларни олиб киришга эҳтиёж ортади», дейди у.

Статистикага кўра, Ўзбекистоннинг экспорт бўйича 2019 йилнинг дастлабки тўрт ойидаги асосий ҳамкорлари Хитой (21,4 фоиз), Россия (14,2 фоиз), Қозоғистон (7,4 фоиз), Туркия (6,6 фоиз),  Афғонистон (3,2 фоиз), Эрон (1,4 фоиз) ва Тожикистон (1,5 фоиз) бўлиб келмоқда.

Худди шу давр ичидаги импорт улуши эса мамлакатлар бўйича қуйидагича тақсимланмоқда: Хитой (19,5 фоиз), Россия (17,1 фоиз), Корея (12,1 фоиз), Қозоғистон (9,1 фоиз), Туркия (5,2 фоиз), Германия (3,4 фоиз) ва АҚШ (3,6 фоиз).

Мавзуга оид