Шайх Абдулазиз Мансур: «Ихлосманд халқимиз ҳайит масаласида хавотирланмаслиги керак»
Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 5 июнь куни деб эълон қилинган. Мусулмонлар идорасининг ҳайит намози ўқиладиган вақтлари билдириб ўтилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Саудия Арабистони, Туркия, Россия каби давлатларда Рамазон ҳайити эртага — 4 июнь куни нишонланиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ўз-ўзидан, бу каби давлатларда Рамазон ойи рўзаси 29 кун тутилиб, Шаввол ойига ўтилмоқда.
Ҳамюртларимиз орасида «ҳайит куни биз ҳам рўза тутмасак бўладими ёки рўзани 30 кун тутишимиз керакми?» каби ихтилофли саволлар пайдо бўлмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Kun.uz мухбирининг бу борадаги саволларига жавоб қайтарди.
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Саудия Арабистонида эртага ҳайит деб эълон қилинганидан кўпчилик хабар топди. Биз Ўзбекистонда эртадан кейин — 5 июнда ҳайит бўлишини эълон қилганмиз.
«Саудия Арабистони билан бир кун фарқ қилаяпти. Буни қандай тушуниш керак?» деган саволлар пайдо бўлиши табиий.
Бу ҳолни тўғри тушуниш керак, чунки бу биринчи бор рўй бермаяпти. Саудия Арабистони ва бизнинг минтақамиз — жумладан, Ўзбекистонга қўшни республикалар ҳайит кунларини ёки Рамазон ойининг биринчи кунини белгилаш масалаларида камдан-кам ҳолатда бир хиллик кузатилади. Чунки ҳар бир жойда ҳилолнинг кўриниши, об-ҳавоси ҳар хил.
Пайғамбаримиз (саллолоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида эртага бошланадиган ойнинг ҳилоли бугун шомдан кейин кўринишига нисбат бериб, «ўша ҳилолни кўриб рўзани бошланглар, рўзанинг охирида ҳам Шаввол ойининг ҳилолини кўриб ҳайит қилинглар», деганлар. Бутун Ислом оламида мана шу ҳадисга амал қилиб келинади. Шуларнинг қаторида бизнинг юртимизда ҳам, қўшни республикаларда ҳам.
Лекин битта фарқи борки, бизга нисбатан ғарброқда ва иссиқ минтақада жойлашган Саудия Арабистонида қуёш ботганидан сўнг ҳилолнинг кўриниши яққол намоён бўлади, яъни уфқ камдан-кам булутли бўлади ва ҳилолни кўриш мумкин бўлади. Шунинг учун ҳилол кўрингач, рамазоннинг бир куни Шаъбон ойига ўтказилиб, рўза 29 кун тутилаверади.
Бизда ҳеч тарихда Рамазон ойининг биринчи кунининг ҳилоли кўриниши учрамаган. Доим Қуёш ботадиган ғарб томон булут бўлиб, ҳилол кўзга ташланмаган, иккинчи куни яққол кўринган. Лекин бу йил ҳисобимизда Саудия Арабистони билан бир хил бошланди.
Яна шуни билиб қўйиш керакки, Рамазон ойи рўзаси доимий равишда 30 кун тутилмайди. Бир йил 30 куни, бошқи йили 29 кун, айрим йилларда ҳатто 28 кун тутилган пайтлар ҳам бўлган.
Жаноб пайғамбаримиз (саллолоҳу алайҳи васаллам) гоҳида 29 кун, гоҳида 30 кун тутганлари тўғрисида саҳиҳ ҳадисларда келган.
Шунинг учун Саудия Арабистонининг биздан бир кун илгари ҳайитни эълон қилганидан ҳеч қандай шубҳа қилмаслик керак. Чунки Рамазон ойининг бошланиши ва ҳайит кунларини белгилашда биз ўзимизнинг анъаналаримизга кўра қадимдан тақвимга амал қилиб келганмиз. Шунинг учун ҳар йили Саудия билан бир кунга тўғри келиб қолади ё бир кун фарқ қилади. Бу табиий нарса. Бундан ҳеч қандай ҳаяжонга тушиб, шубҳаланиш керакмас.
Биз кўпчиликни ҳаяжонга тушмаслиги учун яна бир кунни Аллоҳ учун рўзани 29 кунда тўхтатмай, 30 кун тутиб қўйишимиз керак. Бу тақвимимизга ҳам тўғри келади. Ахир биз рўзани кам тутиб қўяётганимиз йўқ-ку?
Халқимиз ихлос-эътиқодли халқ, қадимдан ота-боболаримиз, катта уламоларимиз мана шундай ҳисоб билан Рамазон ойини кутиб олиб кузатишган. Шунинг учун мен ихлосманд халқимизга яна бир бор мурожаат қиламан: бу борада иккиланиб, хавотирланиб, шубҳа-гумонларга бориш шарт эмас, ҳаммаси тўғри, иншааллоҳ Аллоҳу таоло бизнинг тутган рўзаларимизни ҳам ҳисобга олади.
Валлоҳу аълам».
Мавзуга оид
08:38 / 05.03.2024
Рамазон ойининг бошланиш санаси эълон қилинди
15:31 / 20.04.2023
Тошкентда Ҳайит намози ўқиладиган масжидлар атрофидаги кўчалар вақтинча ёпилади (рўйхат)
00:08 / 19.04.2023
Рамазон ҳайити шанба куни бошланиши мумкин – астрономлар
19:03 / 18.04.2023