Light | 15:20 / 09.06.2019
18344
8 дақиқада ўқилади

Тежамкорликдан тушкунлик эмас, роҳат олишнинг 9 йўли

Муаммога бошқа кўз билан боқинг ва янги имкониятларга эга бўлинг. 

Биз иқтисод қилиш деганда харажатларни қисқартириш, камроқ сарф ва хурсандчиликларсиз ҳаёт тарзини юритишни тушунамиз. Аслида эса ўзини ҳамма нарсалардан чекламаган ҳолда ҳам тежамкорликка риоя қилиш йўллари етарли.

1. Эришмоқчи бўлган мақсадингизни аниқ белгиланг
Шунчаки тежамкор бўлиш учун тежашдан иш чиқмайди. Камида нимагадир етишишни ният қилиш керак. Масалан, «яхши яшамоқчиман» марраси тўғри келмайди: сезиш ва ушлаш мумкин бўлган моддий нарсани танланг.

Муайян йўналишни танлаш орқали сиз айнан нима учун пул йиғаётганингизни ва бу қанча вақт давом этишини теран англайсиз.

Мисол учун, сиз ипотека орқали уй олмоқчисиз ва бошланғич тўловни йиғишингиз керак ёки кейинги йил ёзни фарзандларингиз билан чет эл саёҳатга отланмоқчисиз. Биринчи навбатда сизга зарур миқдорни ойларга кейин эса кунларга бўлиб чиқамиз. Шу орқали бир кунда қанчагача тежашингиз равшанлашади.

2. Shopping ўрнига бошқа кўнгилочар машғулот топамиз
Аксарият одамлар учун дўконлардаги харидлар тушкунликдан қутулиш ва кайфиятни кўтариш воситасидир. Янги кўйлак, яна бир косметик жиҳоз ёки балиқ ови учун мўлжалланган ўзгача турдаги қармоқ сотиб олиб биз ўзимизни бир қанча муддат бахтлироқ сезишимиз мумкин. Бундан келиб чиқадики, олди-сотди бу завқ манбаидир, харид қилган маҳсулотимиз эса бизга унчалик ҳам керак эмас. Бу усулдаги қувват олиш ва кайфият кўтариш усули бюджетимиз кушандасику ахир?

Бахтсизлик ҳиссидан қутулиш учунгина пулни совуриш ҳақиқий фожиадир.

Сизга позитив руҳият ва шижоат бағишловчи бошқа усул ўйлаб топинг: оила даврасидаги кечки овқат, дўстлар билан дийдор, кечки китоб мутолааси ёки сайр. Ўзингизни савдо марказлари қучоғига уришдан қочиш учун кундалик ишларингиздан завқ олишни ўрганинг. 

Агар ғамгинликка берилиб ойлигингизнинг ярмини совуришга тайёр турганингизни сезсангиз, ўзингизни тўхтатинг. Савдо маркази ёнидан ўтиб, болалар майдончаси томон бурилинг ва мазза қилиб арғимчоқ учинг.

3. Майда харжларга йўқ денг
Майда харжларга йўл-йўлакай олинган кофе, нонвойхонада ис таратган пишириқ, сирниклар, йогурт, ишга таксида бориш, сигаретлар, бизнес-ланч ва бошқалар кириши мумкин. Биз уларни одатда етарлича баҳоламаймиз, сўнг эса осонгина пул ишлатиб қўямиз. 

Ҳамма нарсани мутлоқ чеклаш шарт эмас, бунда ҳаётга қизиқиш сўниб боради.

Аввало пул қайси нарсага кўп кетаётганини аниқлаш керак. Кейин ё бу маҳсулотдан воз кечамиз ёки унинг ўрнини арзонроғига алмаштирамиз. Ҳаётингизни кофесиз тасаввур қила олмасангиз, ундан воз кечманг. Лекин агар мабодо сизга тушкунлик келтирмайдиган биргина илож топилса ҳам, уни синаб кўринг. Шунда стрессга берилмаган ҳолатда иқтисод қилишни бошлайсиз.

Ёдда тутиш лозим: тежаган маблағингизни бошқа йўлларда сарфлаб юборманг. Уларни ўз мақсадингиз сари асраш зарур.

4. Тасаввур қилинг, бу ўйин
Агар сиз қизғин, тез берилиб кетадиган одам бўлсангиз, ўзингиз учун молиявий челленж ташкил қилинг. Дўстингиз ёки шахсан ўзингиз билан гаров боғланг ва ютуқ қўйинг. Ўйинга киришиб кетиб сиз чегараларни бузмайсиз, тажриба синови эса пулни ўйлаб сарфлашга ўргатади. Челленж ҳар хил турда бўлиши мумкин. Масалан: 

  • 100 минг сўмга 7 кун ўтказиш;
  • кун давомида йўлкирадан ташқари пул ишлатмаслик;
  • пул сарфлашни талаб қилувчи муайян нарсадан (кофе, шоколад, бизнес-ланч) ҳафта давомида тийилиш.

5. Ўзингизни тўлиқ ҳамма нарсадан чекламанг

Иқтисод қилиш фаолияти сизнинг ҳаёт тарзингизга мос бўлиши керак. Ошириб юборсангиз, тушкунликка тушиб ўзингизга раҳмингиз келишни бошлаши ва охир-оқибат кутилмаган харидни амалга ошириб қўйишингиз мумкин. Бу худди озишга ҳаракат қилишга ўхшайди: аввал қаттиқ диета бошлайсиз ва тўсатдан қўлингизда шоколад пайдо бўлади. 

Қаттиқ киришманг ва ўзингизга ғамхўр бўлинг. Ҳамма нарсани йиғиштириб сув ва нон билан яшаш нега керак? Майда нарсалардан бошланг ва ўзингизни аста -секин кўниктиришга ҳаракат қилинг. 

6. Янги усуллар ўйлаб топинг
Иқтисод фақатгина қаттиқ чекловдан иборат эмас. Ҳозирги кунда янгидан-янги усуллар пайдо бўлмоқда. Масалан, cashback карталардан фойдаланиш мумкин. Дўконларнинг чегирмали мавсумини кутиш ҳам фойдали.

Агар телефонга жуда кўп пул кетяпти, деб ҳисобласангиз, тариф режани ёки алоқа компаниясини арзонроғига ўзгартиринг. Бозорларга кечки пайт нархлар тушганда ташриф буюринг. 

Озроқ вақт олиши мумкин, лекин булар ортиқча руҳий қийинчиликларсиз молиявий ҳолатни яхшилашга ҳақиқатан ҳам ёрдам беради.

Ойига атиги 100 минг сўмдан тежасангиз ҳам бу бир йилда миллион сўмдан ошиб кетади.

7. Омонат кассадан фойдаланинг

Омонат кассалар орқали йиғилган пулингиз миқдорини доимо кўпайтириб борасиз ва уни тасодифий сарфлардан сақлайсиз. 

Агар уни қайтариб олишга кўп вақт кетади деб ўйласангиз, пул йиғишга мўлжалланган «копилка»дан фойдаланиш ҳам мумкин.

8. Орзулар рўйхатини тузинг
Хариддан воз кечиш қобилияти ишдан чиқадиган ҳолатлар ҳам учраб туради, ўзимизни тўхтата олмаслигимиз мумкин. Дўконда ажойиб нарса кўриб қолдингиз ва яна етмагандай унга чегирма эълон қилишибди: шойи кўйлак, смарт-соат, янги тўпламдан кроссовка. Сизда буни сотиб олмасликнинг ҳеч қандай иложи йўқ, лекин сарф бюджетингизни емиради. Агар пул ишлатсангиз режаларингиз барбод бўлади.

Шундай баҳсли вазиятдан қочиш учун орзуларингиз рўйхатига эга бўлинг. Унга ўзингиз жудаям етишишни орзу қилган истакларингизни ёзинг ва вақти вақти билан унга кўз югуртириб туринг.

Сотиб олишни қанча кўп истаганингиз сари, шунча кўп ўткинчи заифликка учрашингизга амин бўласиз.

Лекин одатда кун ўтган сайин қизиқишлар сўниб боради. Агар сизда ҳам шундай бўлса, кераксиз буюмни wishlist’дан ўчиринг. Ўзгаришсиз қолса уни дўстларингиз ёки ота-онангиздан туғилган кунингизга совға қилишларини сўрашингиз ҳам мумкин. Улар совға танлаш борасидаги бош оғриқдан қутулишади, сиз орзунгизга эришасиз.

9. Муаммога муносабатингизни ўзгартиринг
Биз пул йиғишда дуч келадиган бир тушунча ҳам мавжуд: нима учун ноаниқ бўлган келажак учун ҳозирги ҳақиқий истаклардан воз кечиш керак?

Иқтисодчи Шломо Бернарци ажойиб ечимни илгари сурган: «Бугунгига қараганда эртага кўпроқ пул йиғиш лозим». «Эртага» ўз маъносида эмас, балки қачонки даромад ошганда. Йиғишни ҳар қандай майда миқдордан бошлаб олиб, киримга қараб қадамба-қадам ошириб борасиз. Масалан ойлигингизнинг 3 фоизи ҳаёт сифати ва қулайликларингизга таъсири деярли сезилмас даражадаги миқдордир. Лекин йиллик йиғим каттагина жамғармани ташкил этиши мумкин.

Мавзуга оид