Light | 12:20 / 13.06.2019
14071
3 дақиқада ўқилади

Жониворларнинг чиқишларидан воз кечиб, томошабинларни ҳайрон қолдирган 5 та жаҳон цирки

Тобора кўп мамлакатлар циркдаги чиқишларда ҳайвонларнинг иштирокидан воз кечмоқда. Бу жониворларни оғир ҳаёт шароитлари ва зўравонликдан ҳимоя қилади. Бироқ томошалар завқини камайтирмайди. Ахир, одамлар янги трюк ва декорацияларни ўйлаб топишади. Айрим вақтларда эса замонавий технологиялар уларга ёрдамга келади. Roncalli немис цирки ана шуни муваффақиятли тарзда намойиш этди – у ерда саҳнага жониворлар ўрнига уларнинг голограммалари чиқди.

AdMe.ru немис артистларининг топқирлиги ва ижодкорлигига қойил қолди ва жониворлардан фойдаланмаган ҳолда машҳурликка эришган бир неча машҳур циркларни танлашга қарор қилди.

Cirque du Soleil

Фото: Instagram/Cirquedusoleil

Дунёдаги энг машҳури, албатта, Cirque du Soleil. У мана 35 йилдан бери мавжуд ва турли труппалардаги 4 мингга яқин артистларга эга. Илк кунларданоқ цирк томошаларда жониворлардан фойдаланмайди. Асосий урғуни акробатик номер ва ғаройиб дизайнга қаратади.  Айнан Cirque du Soleil цирк санъати ҳақидаги мавжуд тасаввурларни ўзгартириб, кўпчиликни ҳайвонларни томоша кўрсатишга ўргатишдан воз кечишга ундаган деб ҳисобланади.

Хитой давлат цирки

Фото: chinesestatecircus.com

Бу дунёдаги энг қадимий цирк – унинг ёши 2 минг йилга яқин. У томошабинларни ғаройиб чиқишлар, фақат шаолин монахларигина бажара оладиган мураккаб трюклари билан ҳайратга солади. Артистлар чиқишларга жониворларни жалб этишмайди.

«Она Африка» цирки

Фото: Facebook/Motherafricacircus

Цирк Шарқий Африканинг турли бурчакларидаги 40 дан ортиқ артистларни бирлаштирган. Уларнинг чиқишлари жуда ранг-баранг ва жўшқин: мураккаб акробатик томошалар миллий мусиқа ва рақслар билан алмашади. Цирк артистлари илк даврларданоқ жониворлар чиқишларидан воз кечишган ва ўз кучлари билан машҳурликка эришишган.

OZ цирки

Фото: Facebook/Circusoz

Австралиядаги бу циркнинг дунёда ўхшаши йўқ. У мана 40 йилдан ортиқ вақт давомида мавжуд ва ўз томошаларида цирк санъати, сатира театри ва рок-н-роллни бирлаштиради. Артистлар фонограммадан фойдаланишмайди ва уларнинг ўзлари мусиқа асбобларида чалишади. Барча чиқишларда австралияча ўзига хослик уфуриб туради. Санъатнинг бундай бетакрор аралашмаси артистларга дунёга танилиш имконини берди. Улар ҳам томошаларда жониворлардан фойдаланишмайди.

Цирк Roncalli

Фото: Instagram/Circustheaterroncalli

Ҳайратларга сабаб бўлган немис цирки 1976 йилдан бери мавжуд. Ўзининг узоқ тарихига қарамай, артистлар тадқиқот ва янгиликларга доимо тайёр. Яқинда томошабинларни ҳайратга солган голограммали фил сурати бутун дунёга тарқалди.

Улкан филдан ташқари аренада ялтироқ отлар ва ҳатто олтин балиқ ҳам пайдо бўлди.

Цирк артистлари бу билан ҳам чегараланишмади. Томошабинларга ҳаво шарининг саватида учувчи голограммали масхарабоз ҳам намойиш этилди.

Жониворлар ўрнига намойиш этилган голограммаларга нима дейсиз? Ана шундай томошага борармидингиз?

Мавзуга оид