Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси 2,5 млрд сўмни ўзлаштириб юборишда гумонланмоқда — Бош прокуратура
Бугун, 17 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев ва журналистлар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупциянинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
«2018 йилда Олий ва ўрта махсус таълим тизимида 67 нафар ходимлар жиноий жавобгарликка тортилган, шундан 34 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва талон-торож қилишда, 15 нафари фирибгарликда, 15 нафари порахўрликда айбланган.
Мисол сифатида Тошкент Фармацевтика институтининг собиқ ректори Аҳмад Юнусхўжаев, проректорлар Алиев ва Зайниддинов 2,5 миллиард сўм миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилишда гумонланмоқда.
Ёки Миллий университетда декан Абдураҳимов ва ўринбосари Юсупов абитуриентни Ижтимоий фанлар факультетига қўшимча квота асосида киритиб қўйиш учун 2000 доллар миқдорида пора олганликда айбланмоқда», дея Эркин Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
А.Н.Юнусхўжаев 2001 йилдан 2016 йилгача Тошкент фармацевтика институтида ректор бўлиб ишлаган. 2017 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси бўлган.
2018 йилнинг августида эса Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ходимлари, Ижтимоий фанлар факультети декани Қодиржон Абдураҳимов ва унинг муовини Ж. Юсупов пора олиш вақтида қўлга олинганди.
Таҳририят: Ушбу хабарга Тошкент фармацевтика институти ходимларининг таҳририятга йўллаган эътирозидан келиб чиқиб, айрим тузатишлар киритилди.
Мавзуга оид
19:45 / 05.11.2024
Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 млн доллар билан ушланди
22:29 / 03.10.2024
Жанубий Корея президенти рафиқасидан порахўрлик айблови олиб ташланди
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
19:11 / 23.08.2024