Жамият | 09:55 / 23.06.2019
21746
6 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳри марказида тўрт йилдан буён аросатда яшаётганлар тақдиридан ҳикоя

«Янгисини қурмай туриб, эскисини бузма» деган нақл бор ва уни қайта-қайта эшитганмиз. Қарши шаҳри, «Гулшан» маҳалласи, Китоб кўчасида истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммоси эса раҳбарлар томонидан ана шу нақлга амал қилинмагани оқибатида юзага келган бўлса, ажаб эмас. Яъни, уларнинг уйлари бузилиб, на янгисига эга бўлишди ва на эскисининг бузилгани ҳақини олишди. Бир сўз билан айтганда аросатда юришибди. Kun.uz таҳририятига ушбу маҳалладан мурожаат келиб тушди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги «Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида» қарори билан шаҳардаги кўпгина кўчалар кенгайтирилди, реконструкция қилинди, кўп қаватли ва замонавий бинолар қад ростлади. Ушбу қарор ижроси юзасидан кўпгина кўчалар, ҳовлилар бузилди. Албатта, яхши мақсадларда, аҳолини рози қилиб. Қарши шаҳрининг бош режасига асосан кўчаларни реконструкция қилиниши ҳамда қизил чизиққа тушган бинолар бузилиши муносабати билан шаҳардаги «Гулшан» маҳалласида жойлашган Китоб кўчасидаги уйлар ҳам бузилишга тушди.

Бу ишларга оз эмас-кўп эмас тўрт йилча тўлиб қолди. Уйлар, кўчалар бузилди, баланд бинолар ҳам қурилди. Аммо уйи бузилган фуқаролар аросатда қолди. Уларга на компенсация пули берилди ва на уй-жой.

- Биз яшаб турган хонадонлар бузилишга тушгани сабабли 2015 йилнинг 22 июль куни бизга огоҳлантириш хати берилган, - дейди шу кўчада истиқомат қилувчи Шокир Расулов. – Ана ўша йилдан бошлаб кўп қаватли иморат қуриш бошланди. Бу қурилиш таъсирида уй-жойларимизга жиддий зарар етди. Маънавий зарарни айтмаса ҳам бўлади. Яқинда ўғлимни уйлантиришим керак. Қайси уйга келин тушираман? Мана шу вайрон бўлган жойгами? Нафақахўр бўлсак, янги уй-жой қилишга қурбимиз етармиди?

- Ҳовли-деворларимиз қурилиш таъсирида йиқилиб, аянчли аҳволга келиб қолди, - дейди фуқаролардан яна бири Холмамат Амирқулов. – Кўп қаватли биноларга одамлар келиб жойлашган. Ҳовлимиз «дом»нинг ичкари томонида қолган. Ҳожатхонага чиқишга ҳам ийманади киши. Яшаш жуда ноқулай бўлиб қолган.

Суҳбатга аралашган Д.Наминова ўз фикрини қуйидагича изоҳлади:

- «Дом»дагилар тепадан ҳовлимизга қараб туришади, «мусор» отишади. Тўрт йилдан буён шаҳарнинг қоқ марказида жуда аянчли аҳволда яшаяпмиз. «Назир бунёдкори қурилиш» МЧЖ ташкилоти бу ҳолатни ўз ҳолича қолдирди. Президентимиз порталига, шаҳар ҳокимлигига, шаҳар халқ қабулхонасига кўп марта мурожаат қилдик. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмади.

Уйлари бузилган фуқароларнинг таъкидлашича, уларга мутасаддиларнинг аниқ жавоби керак. Агар ҳовлилари бузилмаса, етказилган зарар қоплансин. Уларнинг айтишича, шаҳар ҳокимига мурожаат қилишганида, раҳбар: «ўзларинг тўғрилаб олинглар», деган жавобни айтган.

Дарвоқе, 2018 йилнинг 8 сентябрь куни Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов томонидан фуқаро Ш.Расуловга тақдим этилган хатида, жумладан, шундай дейилади:

«... Сизнинг уй-жойингиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига мувофиқ «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан бузилишга тушгани сабабли огоҳлантириш хати юборилган. Лекин ҳозирги кунда уй-жойингиз бузилмагани ва «Қарши қайта қурилиш» МЧЖ билан шартнома битими тузилмагани, сиз ва қурувчи ташкилот томонидан бузилган уй-жой учун компенсация пули ёки ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшайдиган фуқароларга уларнинг танлашига кўра ҳамда томонларнинг келишуви бўйича ижтимоий нормадан кам бўлмаган майдонга эга бўлган тенг қийматли бошқа қулай уй-жой мулк қилиб тўлаб берилади...».

Ҳокимиятнинг турли йилларда фуқароларга йўлланган жавоб хатида уй-жойлар бузилиши иккита ҳуқуқий ҳужжатга асосланиб кўрсатилган. Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги «Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида» қарори бўлса, иккинчиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига мувофиқ «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан. Қолаверса, бузилаётган уй-жойлар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилади, деб турилса-ю, амалда улар ҳаётига лоқайд муносабатда бўлиниши таажжубли ва тушунарсиз.

Қарши шаҳар ҳокимлиги, Қарши шаҳар Архитектура ва қурилиш бошқармаси ҳам фуқароларнинг юқоридаги муаммоларига муносабат сифатида бир хил расмий жавоб йўллашган. Аммо шу пайтгача ҳеч бир ташкилот бу муаммо билан жиддий қизиқиб кўрмаган, ечимини қидиришга бош қотиришмаган. Мана, тўрт йилдирки, одамлар не қиларини, қайси деворга бош уришларини билмай сарсон (Ўзларининг деворларига бош ураман деса, у нураб ётибди). Келажаклари мавҳумлик туманида қолган.

Биз Қарши шаҳри мутасаддиларидан мазкур муаммога атрофлича муносабат билдиришларини ва унинг ечимини топиб ҳал этишларини сўраб қолардик. Ушбу муаммони ўрганиш жараёнида расмий мутасаддилар билан боғланмадик, чунки ОАВ орқали чиқиш қилиб, вазиятни холис баён қилишларини истадик. Чунки бугун барча ҳаракатлар шаффофлик ва холисликка таянмоғи лозим. Ана шунда ҳар қандай муаммонинг ечимига калит топса бўлади.

P.S: Бизга ўзини таништирмаган ва таҳририятдан эканлигимизни эшитган ҳокимлик мутасаддиси "барчаси қоғозда кўрсатилган" деди. Яна савол туғилади: "Яна қоғозбозликми? Одамлар-чи?".

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид