Жамият | 15:14 / 01.07.2019
12199
6 дақиқада ўқилади

Қаршиликлар қийналмоқда: Кўп қаватли уйлардан бирида канализация аянчли ҳолатга келиб қолган

Ҳар бир инсон янги хонадонга кўчиб кирганида яхши ниятлар билан бу ишни амалга оширади. Янги уй, янги режалар, янги ҳиссиётлар... аммо орадан кўп ўтмай буларнинг бари саробга айланса нима бўлади? Буни икки оғиз сўз билан тушунтириб бериш қийин. Яъни, олинган уй кўп ўтмасдан нурашни бошласа ва одам боласи яшамайдиган бир ҳолатга келса. Бу ҳам камдек, масъул ташкилотлар бу ҳолатга эътибор бермаса. Kun.uz таҳририятига юборилган навбатдаги мурожаат эгаси худди ана шундай шароитда оиласи билан кун кечирмоқда.

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, «Буюк Турон» маҳалласининг Кеч кўчасида жойлашган уйлардан бирида истиқомат қилувчи Бобур Ёқубов 2018 йилнинг июнида яхши ниятлар билан уй сотиб олади. Аммо орадан кўп ўтмай уйнинг камчиликлари фош бўла бошлайди. Барча гап эскириб кетган ва бунинг ортидан аянчли ҳолатга келиб қолган канализация қувурлари ҳамда катта ишонч билдирилган ширкатда эди.

«Кўчиб келганимга бир йил бўлди. Коммунал тўловларини ойма-ой, ўз вақтида тўлаб келаман. Аммо ширкат шунга яраша мавжуд муаммоларни ҳал этмаяпти. Уйнинг подъездлари ачинарли ҳолатга келиб қолган. Канализация қувурлари чириб кетган, авариявий ҳолатда. Ҳар ҳафта сув тиқилиб, чиқинди аралаш сассиқ сув уйга чиқиб келади. Мен турадиган уйнинг ертўласи чиқиндига тўла. Булардан бир сўм қарздор бўлмасам, муаммони бориб айтсам, эътиборам қаратишмайди», дейди мурожаатчи.

Маълумотларга кўра, Бобур Ёқубов ҳар ой ширкатга 30-40 минг сўм пул тўлайди. Суратларда кўриниб турганидек, уйнинг ертўласи чиқиндига тўла ва улар анча олдин ташлангани билиниб турибди.

Шу тобда Бобур Ёқубов ва ширкат ўртасида яқинда бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтсак. Мурожаатчи муаммони интернетда кўтариб чиқмоқчилигини ширкатдагиларга айтади. Албатта, улар мурожаатчидан норози бўлишади ва ўз эътирозларини билдиришади. Табиийки, қуруқ гаплардан иборат эътирозларга Бобур Ёқубов ҳам ўз муаммоларини реал фактлар орқали келтириб, жавоб қайтаради. Томонлар «муроса»га келинади. Яъни ширкат 3 метр қувур олиб келиб тортиб беради, фуқаро эса уста ҳақини тўлаб беради. Бу ҳали ҳаммаси эмас, Бобур Ёқубов ўз уйига ўтадиган қувурларни ўзи сотиб олиш керак. Шундай қилиб Бобур Ёқубов ширкатдан келган устага иш ҳақи сифатида 170 минг сўм тўлайди, зарур қувурларни 250 минг сўмга харид қилади. Жами 420 минг сўмга «аъзо» бўлади.

Мурожаатчининг таъкидлашича, ишлар чала қилинган. Қувурлар уй подъезди орқали тортиб кетилган. Бу қанчалик хавфсизлик шартларига тўғри келади, бу бизга ҳам, мурожаатчига ҳам қоронғи.

Муаммо қувурлар билан битиб кетса майли эди, ертўла, чириган қувур, уйнинг подъезди – буларга ким қарайди? У ерда истиқомат қилувчи бошқа фуқароларнинг шу каби муаммолари йўқми? Ёки фуқароларнинг ўзи ўз ёнларидан таъмирлашлари керакми? Унда ширкатга нима учун пул тўланяпти? Битта уйда 60та хўжалик яшайди. Бундай уйлар эса маҳаллада 15та.

«Канализация суви ертўлага оқиб ётади. Кейин у ерда пашша йиғилади. Дезинфекция учун яна йиғ-йиғ бошланиб кетади. Уйимизга чиқадиган ҳидга ёзда умуман ўтириб бўлмайди. Қўшниларимизнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлган – «Айтган билан фойдаси йўқ», дейишади. Қурби етганлар ўзи қиляпти, қурби етмаганлар сабр билан яшаб юришибди», дейди исми сир қолишини истаган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Ўрганиш давомида маълум бўлдики, ушбу уйларга «Мақсуд обод» ширкати хизмат кўрсатади. Аммо ширкат муаммоларни ҳал этиш ўрнига, мурожаат қилганларга «биз фирма эмас, ҳокимиятга қараймиз», деган жавоблар билан чекланишган. Биз шу куни ҳам, ундан кейин ҳам, мақола тайёрланаётган пайтда ҳам мазкур ширкатдагилар билан боғлана олмадик. Фуқароларнинг айтишича, «у ерда ўзи ҳеч ким ишламайди, фақат Зайни исмли йигит ҳар замон пайдо бўлиб қолади, шунда ҳам тўловларни йиғиш учун». «Зайни» билан боғланишга бўлган уринишлар бесамар кетди.

Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2017 йил 18 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ҳамда «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланганди. Ушбу қонун ҳужжатларига асосланиб, вилоятларда, жумладан, Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ишлар ҳамон давом этмоқда, аммо вилоятнинг бош шаҳрида шундай кўнгилсиз ҳолатни ҳам учратдик. Бу каби муаммолар жойларда ҳамон учрамоқда. Юқоридаги ҳолат бўйича агар ширкат ҳокимлик ҳомийлиги остида экан, барча масъулиятни Қарши шаҳри ҳокимлиги ўз зиммасига олиши зарур. Чунки ёзнинг иссиқ кунида, кўп қаватли уйда қониқарсиз шароитда яшаб бўлмайди. Барчаси инсон учун, деган муқаддас тамойил бор. Шунга амал қилган ҳолда, мавжуд қонунларни ҳурмат қилиб иш тутилса, ўйлаймизки, барча муаммолар ижобий ечим топади.

Юқоридаги ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти мутасаддиларидан расмий изоҳ кутиб қоламиз.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид