Ўзбекистон | 10:35 / 05.07.2019
6873
3 дақиқада ўқилади

Давлат улушларини сотиш тартиби соддалаштирилди

Фото: Dreamstime

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Баҳолаш фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда паст рентабелли ва фаолият юритмаётган давлат иштирокидаги корхоналарни сотиш механизмларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг давлат акциялар пакети (улушлари)ни сотиш тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисида қуйидагиларни назарда тутувчи таклифига розилик берилди:

а) давлат активларини улар бошланғич савдога қўйилган нархдан паст номинал қийматда сотиш;

б) хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялар пакети (улушлари)ни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган бухгалтерлик баланси бўйича 2019 йил 1 январь ҳолатида жамият соф активларининг пропорционал улушига тенг бошланғич нархда, жамият қатнашчиларининг сотиб олишдаги устунлик ҳуқуқини қўлламаган ҳолда очиқ савдоларга қўйиш. Хўжалик жамиятлари соф активларининг миқдори уларнинг устав капитали миқдоридан камроқ бўлган тақдирда, давлат акциялар пакети (улушлари) номинал қийматда сотувга қўйилади;

в) инвесторларга сотиб олинаётган давлат акциялар пакети (улушлари) қийматини инвесторларнинг товар-хом ашё биржалари ҳисоб-китоб клиринг палаталаридаги ҳисобварақларида, республиканинг ваколатли банкларида очилган хорижий банкларнинг “лоро” вакиллик ҳисобварақларида бўлган миллий валютадаги пул маблағлари билан тўлаган ҳолда давлат акциялар пакети (улушлари)ни сотиб олиш ҳуқуқини бериш;

г) андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш учун, кейинги уч йил мобайнида фаолиятнинг ижобий молиявий натижасини тасдиқлайдиган аудиторлик хулосаси мавжуд бўлиши тўғрисидаги ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг малакали аттестатини олиш учун таълим муассасасининг қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлаш ёки уларнинг малакасини ошириш курсларини тугатганлик ҳақида сертификатини тақдим қилиш тўғрисидаги талабларни бекор қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ва давлат улушлари кўпроқ бўлган хўжалик жамиятларига Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда, истисно тариқасида, 2020 йилнинг 1 январига қадар инвестиция маслаҳатчиси сифатида ташкилотларни қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш лицензиясини олмасдан ва янги резидент - юридик шахсни ташкил этмасдан ёки амалдаги юридик шахснинг устав капиталида иштирок этмасдан қимматли қоғозларни сотиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жалб этишга рухсат берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

а) хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги жамиятлар соф активларининг пропорционал улушига тенг бошланғич нархда, устун ҳуқуқни қўлламаган ҳолда очиқ савдога қўйиладиган давлат акциялар пакетлари (улушлари) рўйхати;

б) тугатиш ёки банкротлик тартиб-таомиллари қўлланиладиган паст рентабелли ва фаолият юритмаётган ташкилотлар рўйхати тасдиқланишини назарда тутувчи қарор қабул қилади.

Мавзуга оид