Спорт | 12:03 / 08.07.2019
10985
2 дақиқада ўқилади

КОНМЕБОЛ Мессини терма жамоа ўйинларидан дисквалификация қилиши мумкин

Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси КОНМЕБОЛ манзилига йўллаган танқидлари учун узоқ муддатли дисквалификацияга учраши мумкин. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Жанубий Америка футбол конфедерациясига қаратилган ҳақоратли ва туҳматомуз сўзлари учун 32 ёшли футболчи миллий терма жамоасида ўйнашдан 2 йил муддатга четлатилиши мумкин. Агар футболчига максимал жазо қўлланса у Қатарда бўлиб ўтадиган 2022 йилги жаҳон чемпионати саралашида, шунингдек, 2020 йили Аргентина ва Колумбия мезбонлигида ўтказиладиган Америка Кубогида терма жамоасига ёрдам бера олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Америка Кубоги-2019 яримфиналида Бразилияга қарши кечган ва 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган ўйиндан кейин Месси ҳакамлар бригадаси ишини танқид қилган ва улар бутун ўйин давомида VAR тизимидан фойдаланмасдан, фақат Бразилия фойдасига қарор чиқарганидан норозилигини билдирганди.

Ушбу футболчи Америка Кубогининг учинчи ўрни учун Перуга қарши кечган ўйиннинг (2:1) биринчи бўлимида қизил карточка олди. У ўйиндан кейин тақдирлаш маросимида иштирок этмади, кейинроқ журналистларга берган интервьюсида КОНМЕБОЛ ташкилотини коррупцияда айблади.

«Мазкур айбловлар мусобақа, ундаги футболчилар, КОНМЕБОЛнинг юзлаб ходимларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Ташкилот эса 2016 йилдан бери минтақада футболни ривожлантириш устидан иш олиб бормоқда», дейилади КОНМЕБОЛ баёнотида.

Мавзуга оид