Абитуриент–2019: Жиззах шаҳридаги олий ўқув юртларида қабул жараёни қандай кечмоқда?
Шу кунларда шаҳар анча гавжум, бекатлар атрофида тўп-тўп бўлиб турган йигит-қизларни кўриб, кўнглингизда ҳавас уйғонади. Бугун ОТМларга қабул қилиш жараёнида кўплаб енгилликлар бўлаётганлигини, жумладан, абитуриентлар фақат ҳужжатларнинг аслини кўрсатиб рўйхатдан ўтиши ва албатта, ўзи билан ҳужжатларни қайтариб олиб кетиши ҳақида ўқияпмиз, эшитаяпмиз. Энди бир дунё ҳужжат кўтариб пойтахтга бормаслигингиз, ортиқча сарф-харажат, ётоқхона ташвиши, у эшикдан, бу эшикка югур-югурларга чек қўйилиши ҳақида ваъда қилишган эди.
Хўш, Жиззах шаҳрида бу борада ишлар қандай? Вазиятни кузатиш мақсадида дастлаб Жиззах шаҳридаги давлат хизматлари агентлигига бордик.
Давлат хизматлари агентлигининг шаҳар бўлимида узундан-узун навбатга турганларни учратмадик.
«Ҳар бир ходим ҳужжатларини топширишга келган абитурентларга имконият даражасида сифатли хизмат кўрсатишга харакат қилишяпти. 8 июль санасигача 50 нафар абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Айтарли муаммоларга дуч келганимиз йўқ. Хабарингиз бор, бешта олий ўқув юртида ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш имкони Давлат хизматлари марказига ҳам берилган. Тўлов квитанцияси борасида ҳам муаммолар бўлмади ҳисоб», — дейди марказ бош мутахассиси Жасур Узоқов.
Жиззах Политехника институтига 2019–2020 йили ўқув йили учун бакалаврлар тайёрлаш бўйича умумий квотаси 1395 нафар этиб белгиланган. Улардан 342 нафари давлат грантлари бўйича, 1053 нафари эса тўлов контракт асосида қабул қилинади. Олийгоҳ дарвозаси ёнида турган ёшларимизни суҳбатга тортамиз.
«Енгиллик дейсиз, ўтган йилгидек топширганимиз яхши эди. Қаердан чиқди шу тўлов? Саҳардан бери оворамиз. Шаҳарнинг у бошидан бу бошига бориб келишга тўғри келяпти. Тўлов квитанциясини кўрсатмасак, рўйхатдан ўта олмаймиз. База ишламаётганмиш. Қабул комиссиясига йўллай олмайсиз. 600-навбатдаман, бугун рўйхатдан ўтишим даргумон. Арнасой туманидан келганмиз. Эртага келамиз-да энди, аввал шу тўловини ҳал қилайлик. Банкка борсак, институтга бор дейди, институтда база ишламаяпти, дейди. Ундан кўра, шу ерда банк шохобчаларини ташкил қилишса бўлмайдими? Куннинг иссиғида йўлкира қилиб, таксига чиқиб, тўлов учун жой излаб юрибмиз. Йўлкира ҳақини шу банкларга хизмат учун берсак бўлмайдими? Мана ҳозир ҳам ичкарига кирсангиз — навбатни кўриб, ҳушингиз бошингиздан учади. Энди ДХАга боринглар дейишди, ўша ерда тўловни амалга ошириш мумкин экан? Ишимиз битса келамиз, бўлмаса эртага қолади. База ишласа ишимиз ҳам тез битармиди? Вақт кам қолди ахир», — дейди С.Дамирова.
«База ишламаяпти деб мутахассислар ҳам ичкарига кириб кетишди овора бўлиб. Яна «бошқа ерга интернет кафеларга боринглар», деб маслаҳат беришгани учун ўша ерга бормоқчиман. Мен Бахмал туманидан келганман. Жиззах шаҳар «Халқ банки»га борсам — ҳисоб-рақам олиб келинглар дейишди. Институтга келсам — ҳисоб-рақами бўлмайди, дейишди. Сарсонгарчилик, хуллас. Якшанба куни қабул ишламади. Шунинг ҳисобига бўлса керак бугун одам ниҳоятда кўп хизмат сифати жуда паст, тўловга одам жуда кўп, навбатга ёзилганмиз, у навбат қачон келиши номаълум», — дейди Б.Хайриев.
Жиззах политехника институти қабул комиссиясига кириб борар экансиз, қуёшнинг тиғидан пана излаб жой қидириб юрган ота-оналар, ур-тўполон авжида навбат талашаётган йигит-қизлар ва иссиқдан бўғриқиб, истар-истамас маслаҳат бераётган «маслаҳатчи»ларга кўзингиз тушади. Шовқин-сурон билан навбат талашаётганлардан ҳолат ҳақида изоҳ сўрагани ҳам истиҳола қилдик. Тўлов квитанциясини олиш илинжида қўлида ёш боласи билан навбатда турган ёш оналарга эса ичингиз ачийди.
Маълум бўлишича, аксарият абитуриентлар тўловга код олиш учун навбатда туришибди. Мабодо база ишлаб қолса — кодни олган абитуриент тўлов қилади ва рўйхатдан ўтиш учун яна навбатга туради. Тартибсизлик, шовқин-сурон ва ҳавосиз дим йўлакларда қабул комиссияси масъулларини излаймиз.
Институт қабул комиссияси масъул котиби Нормурод Алимов бу ҳолатга шундай изоҳ берди.
«Бугун абитуриентлар ниҳоятда кўп. Кутмагандик. Мана, айни дамда яна бир хона тайёрлаяпмиз. Имконият даражасида абитуриентларга енгиллик яратишга ҳаракат қиляпмиз. Қабул бошлангандан бери 7065 нафар абитуриент қабул қилинди. Сизга институтимиз газетасини берамиз, қанча маълумот керак бўлса олаверасиз, қолганини «босасиз» энди, ўртоқ мухбир. Тўлов масаласида нима ҳам дердим, одам шунчалик кўпки, банк кассасида ўтирган икки нафар қиз улгуролмаяпти. Шу пайтгача бундай ҳолат кузатилмаган. Қабул тугашига ҳам кам қолгани — охирги ҳафта бўлгани боис, ҳужжат топширишга келаётганлар сони кўпайди. Шанба, якшанба куни ҳам тўлиқ ишлаяпмиз. Агар шу базада муаммо бўлмаса, ҳаммаси яхши кетяпти», — дейди Нормурод Алимов.
Жиззах давлат педагогика институти қабул комиссияси 2019-2020 ўқув йили учун ўтказилаётган қабул жараёни Шароф Рашидов тумани «Сўлоқли» маҳалласидаги институтнинг махсус сиртқи бўлими биносида ташкил этилган. Таъкидлаш жоиз, бино шаҳар марказидан анча олисда жойлашган. Бу ҳам қайсидир маънода келувчилар учун ноқулайлик туғдиради. Ҳовлига кириш йўлагидаги турнақатор бўлиб ўтирган абитуриент ва ота-оналарни кўриш мумкин. Навбатни тартибга олиш мақсадида ички ишлар ходимлари ҳам жалб қилинган. Осойишталик қўриқчилари тартибсизликнинг олдини олиш мақсадида абитуриентларни ичкарига ўн нафардан киргизяпти. Бинонинг спортзалида эса тахминан 500 нафарга яқин абитуриент ҳужжат топширмоқда.
Нимқоронғи ва ҳавосиз дим йўлаклардан бирида шовин-сурон авжида. Асабий ва норози кайфиятда, бир-бирини навбатдан суриб чиқаришга интилаётган абитуриентлар тўлов квитанциясини олиш учун талашмоқда. Операторлар тартиб ўрнатишга ҳаракат қилишгани сайин бақир-чақир авжига чиқади.
Жиззах давлат педагогика институтидаги қабул жараёни ва бу ердаги тартибсизликлар ҳақида қабул комиссияси масъул котиби Раҳмонқул Пардаевдан изоҳ олдик:
«Бугун ҳужжат топширувчилар сони қолган кунларга қараганда икки бараварга ошди, десам муболаға қилмаган бўламан. Жиззах давлат педагогика институти қабул жараёни бўйича бугун республикада учинчи ўринда туради. Айни вақтда абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш учун 40 дан ошиқ оператор фаолият олиб бормоқда, шу кунгача қабул комиссиясига 14000 дан ошиқ абитуриент рўйхатга олинган, ўтган йилгига нисбатан абитуриентлар сони кескин ошиши кутилмоқда. Айни вақтда асосий биномизда таъмирлаш ишлари кетаётганлиги боис, шу ерда қабул жараёнини ташкиллаштирдик.
Институтимизга жами 2960 та ўрин ажратилган. Бугун айни вақтгача 2795 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди, иш вақти кечки соат 20:00 гача давом этмоқда. Энди навбатларга келадиган бўлсак, ДТМ компьютер тизими яхши ишламаяпти, квтанция-инвойс чиқариб олишнинг имкони бўлмаяпти. Электрон тизимларда узилиш бўлмаса муаммо бўлмайди. Банкларга касса шохобчаларини ташкил қилиш бўйича таклифлар жўнатганмиз. Айни дамда фақатгина «Халқ банки»дан битта касса ишлаяпти», — дейди у.
Куннинг иккинчи ярми: Жиззах педагогика институтига ҳужжат топшириш учун навбатда турганларнинг аксарияти мактабни эндигина битириб келган ўқувчилар, табиийки, уларнинг ота-оналари ҳам уларга ҳамроҳ бўлиб келган, биз билан суҳбатда бўлган айрим ота-оналар овқатланиш шохобчалари тўғри ташкил этилмаганлигини, тартибсизликни олдини олиш учун ички ишлар ходимларининг ҳам кучи етмаётганлигини айтишди.
Биз йилдан йилга қабул жараёни такомиллашиб бораяпти, дея бонг ураяпмиз, энди ҳаммаси яхши бўлди, иш осон ва тез битади, дея ўзимизни ишонтираяпмиз. Кузатишларимиздан сездикки, бугун Жиззахдаги ҳар иккала олийгоҳда ҳам қабул жараёни кўнгилдагидек эмас. Компьютер тизимининг бот-бот ишламаслиги, ҳужжат қабул қилувчи операторларнинг етишмаслиги, юзлаб йигит-қизларимизнинг сарсон бўлишига ва соатлаб навбат кутишига сабабчи бўлаяпти. Шанба ва якшанба кунлари эса банк ходимлари дам олади, натижада тўлов масаласида яна қийинчиликлар юзага чиқаяпти. Қабул жараёнининг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Муаммолар бартараф этилмас экан, талаба бўлиш орзусидаги юзлаб ёшларимизнинг ҳужжат топшириши кейинги йилга қолиши мумкин.
Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
14:28 / 08.09.2024
Бировнинг номига 20 млн сўм кредит олиб ўзлаштириб юборган шахс ушланди
01:05 / 16.08.2024