Чиқинди полигонлари учун 856,0 млн. долл (7,4 трлн. сўм) талаб этилмоқда
Жорий йилнинг 8 июль куни Kun.uz сайтида “Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси: “Чиқинди полигонлари тартибга солинмаган, маблағ эса талон-торож қилинган” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Бу мақолага Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўзининг ёзма муносабатини билдирди.
Маиший чиқинди полигонларини санитар-эпидемиологик ва экологик талаблар асосида тартибга келтириш юзасидан амалга оширилган ва амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар:
Бугунги кунда, Республикада 221 та маиший чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, уларнинг 135 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги ПҚ–2916-сон қарори асосида Давлат экология қўмитаси балансига қабул қилинган.
Чиқинди полигонларининг атроф муҳитга ва инсон саломатлигига салбий таъсирларини олдини олиш ва камайтириш мақсадида, 2017 йилда 97 та ва 2018 йилда 100 та полигонда тартибга келтириш ишлари амалга оширилиб, ушбу ишларга жами 52,4 млрд.сўм бюджет маблағлари йўналтирилди.
Давлат бюджетидан чиқинди полигонларини тартибга келтириш учун йўналтирилган маблағлар асосида ва соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида,
2017 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ҳамда 2018 йилда Самарқанд вилоятида чиқинди полигонларида тартибга келтириш ишларида йўл қўйилган бир қатор камчиликлар, жумладан, ажратилган маблағлардан самарасиз фойдаланганлик ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига маълумотлар киритилиб, полигонларда олиб борилган қурилиш ва таъмирлаш ишларида йўл қўйилган камчиликлар, етказилган зарарлар пудратчилар томонидан қопланиб берилиши таъминланди.
Республикада ҳосил бўлаётган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини камайтириш, уларни иккиламчи хомашё сифатида ишлатиш, қайта ишлаш ва энергия манбаи сифатида фойдаланиш ва маиший чиқинди полигонларининг сонини қисқартириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ–4291-сонли қарори билан
“2019 – 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси” тасдиқланди.
Ушбу Стратегия доирасида 221 та чиқинди полигонларини рекультивация қилиш, 59 та янги чиқинди полигонларини барпо этиш тадбирларини амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 856,0 млн. долл (7,4 трлн. сўм) талаб этилмоқда.
Бугунги кунда, ҳудудлардаги маиший чиқинди полигонларининг биронтаси тегишли санитар-экологик меъёрий талаблар асосида барпо этилмаган. Шу сабабли, давлат бюджетидан ажратилган маблағлар эвазига полигонларда, фақатгина атрофини ўраш, санузел, маиший хона, махсус техникаларни ювиш жойи, дезбарьер қуриш, кириш йўлини асфальтлаш, электр энергия ва техник сув билан таъминлаш ишларини амалга ошириш мумкин, холос.
Таъкидлаш жоизки, биргина чиқинди полигонини белгиланган талаблар асосида барпо этиш ва тўлиқ тартибга келтириш учун ўртача 50 – 75 млрд. сўм маблағлар талаб этилади.
Зарурий маблағларни таъминлашда давлат бюджетидан ажратиладиган, “Тоза ҳудуд” ДУК ва Экология жамғармаси манбалари имконияти чекланганлиги сабабли, белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун ҳам ички ҳам ташқи манбалардан, жумладан ҳалқаро молия институтлари, донор мамлакатлар томонидан тақдим этиладиган молиявий техник кўмак, шу жумладан, грант ва кредит маблағларидан фойдаланиш талаб этилади.
Шу билан бирга, зарурий маблағларни “ифлослантирувчи тўлайди” принципини жорий этиш орқали айрим товар турлари учун экологик йиғимни жорий этишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган.
Ҳозирги вақтда полигонларда чиқиндиларни текислаш, кўмиш ва рекультивация ишлари “Тоза ҳудуд” ДУКнинг мавжуд махсус техникалари ёрдамида олиб борилмоқда.
Шунингдек, Европа тараққиёт ва тикланиш банки иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, Европа инвестиция банки иштирокида Тошкент вилоятидаги мавжуд полигонларни рекультивация қилиш ва янгиларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, унга асосан ушбу ҳудудлардаги жами 60 та полигон рекультивация қилиниб, ўрнига замонавий талаблар асосида 13 та полигон барпо этиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
17:13 / 26.12.2023
“Фақат исроф қилмаслик учунгина сувнинг нархини кўтариш тўғри эмас” – экофаол
14:51 / 26.12.2023
Расул Кушербаев экология назорат органини ҳукумат таркибидан чиқаришни таклиф қилди
11:40 / 23.12.2023