Ўзбекистонда чиқинди муаммоси: тўлаётган полигонлар, ҳимояланмаган табиат, янги механизмга эҳтиёж
Инсон бир кунлик фаолияти давомида ўртача 1-1,5 кг чиқинди ҳосил қилади. Қутига ташланганидан кейин хотирадан мутлақо чиқиб кетадиган оддий баклажканинг кейинги тақдири нима кечади?
Чиқинди йўқолиб кетмайди, шунчаки «дафн қилинади»
Қутига ташланган чиқинди ўз манзилига етгунича уч босқични босиб ўтади. Ҳар бир хонадондан чиққан чиқиндилар дастлабки йиғиш пунктларида, яъни квартал ва маҳаллалардаги чиқиндихонларда тўпланади. «Махсустранс» машиналари уларни йиғиб, қайта юклаш станцияларига олиб боради. Тошкент шаҳридаги учта ─ Юнусобод, Яккасарой ва Яшнобод туманларида қайта юклаш станцияларида улкан контейнерларга зичлаб жойлаштирилгач, улар охирги манзил ─ Оҳангарон полигонига олиб келинади. Чиқиндилар уюми соат сайин кўтарилиб, Ер сайёрасини қамраб олаётганини бу ерда қисман ҳис қилиш мумкин. Полигондан видеорепортаж тайёрлаган Kun.uz ходимлари бунга бевосита гувоҳ бўлишди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Тошкент шаҳридан олиб чиқиладиган чиқиндилар жойлаштириладиган Оҳангарон полигонининг ҳудуди 59 гектар бўлиб, ўтган асрнинг 70-йилларидан бери фаолият юритади. Мазкур полигон ҳудуди 98 фоизга чиқинди билан тўлиб бўлган. Бир кунда Тошкент шаҳрининг ўзидан 2000 тоннагача чиқинди олиб чиқилади. Бу полигонга республиканинг бошқа ҳудудларига қараганда анча катта ҳажмда чиқинди олиб келинса ҳам, иш жараёни анча примитив тарзда олиб борилади.
Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш ДУК участка бошлиғи Абдусабид Нишонбоев полигонга келадиган чиқиндиларнинг тақдири билан таништирди. «Бу ерга олиб келинган чиқиндилар тўртта катта қисмга бўлинган майдонларга навбати билан жойлаштирилади. Чиқинди тўкилади, механизаторлар булдозерлар орқали уларни суриб, 2,5 метр қалинликда ёйиб чиқади, устидан тупроқ билан ёпилиб, рекултивация қилинади. Шу тарзда кейинги навбатдаги майдонга ўтилади», ─ дейди у.
Экология қўмитасининг чиқиндилар билан ишлаш соҳасида ишларни мувофиқлаштириш ва ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Умаржон Абдуллаев республика бўйича мавжуд полигонлар ҳолати ҳақида маълумот берди.
─ Ҳозирда республика бўйлаб 221та чиқинди полигони мавжуд бўлиб, уларнинг майдони 0,5 гектардан 70-80 гектаргача боради. Кўпчилик полигонларнинг фойдаланиш муддати 20-30 йилни ташкил этади. Бу полигонларда чиқиндини жойлаштириш талабларига ўз вақтида етарли даражада эътибор берилмаган ҳолда иш олиб борилган. Яқинда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясига мувофиқ, чиқинди полигонларининг ҳолатини оптималлаштириш режалаштирилган. Унга кўра, республикадаги полигонлар сони қисқартирилиб, 59таси қолдирилади. Халқаро молиявий манбалар маблағларини жалб этган ҳолда замонавий полигонларни барпо этиш, қолган полигонларни меъёрларга мувофиқ рекултивация қилиб, ёпиш кўзланган. Дунё тажрибасидан маълумки, маиший чиқинди полигонлари тўлгач, уларга газ олувчи трубалар ўрнатилади ва рекултивация қилинади. Яъни, чиқинди уюмларининг устидан тупроқ тортилади, дарахт ва ўсимликлар экиб кўкаламзорлаштирилади ҳамда давлат ер фондига қайтарилади.
Бошқарма бошлиғининг маълумот беришича, Оҳангарон чиқинди полигонини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
─ Ҳозирги кунда полигонни тартибга солиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағларини йўналтирган ҳолда мавжуд полигоннинг олдида 30 гектар ер ажратилиб, янги, замонавий талабларга жавоб берадиган полигон қуриш кўзда тутилган. Ҳозирда мавжуд полигонлардан фарқли ўлароқ, бу ерда тупроқ қатлами ва ерости сувларига чиқиндилардан ажраладиган зарарли моддаларни ўтказмайдиган ҳимоя плёнкалари ўрнатилади. Чиқиндилардан ҳосил бўладиган метан газларини қайта ишлаб, электр энергия оладиган ускуналар ўрнатилади. Ҳозирда ишлаб турган Оҳангарон полигони эса Кореянинг Sejing компанияси маблағлари асосида рекултивация қилиниб, унга ўрнатиладиган қувурлар орқали ҳосил бўлган метан газларини тортиб олиш ва электр энергиясини олиш режалаштирилган.
Эксперт: «Бизда полигонлар йўқ, чиқинди уюмлари бор холос»
«Айкан инвест» консалтинг компанияси раҳбари, мустақил эксперт Гулчеҳра Насирлаеванинг Ўзбекистондаги чиқинди утилизацияси ва полигонлари ҳолати хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.
─ Утилизация тизими борасида жаҳон стандартларига етишга ҳали анча бор. Оҳангарон полигонидаги аҳвол ҳали энг ёмони эмас, ундан ҳам ёмонроқларини республикада кўриш мумкин. Полигон белгиланган тартибда ўраб олинган бўлиши, тарозилар ўрнатилиши, чиқиндини утилизация қилиш тизими, ерости сувларининг ҳолатини аниқлаш бўйича фильтрация тизими йўлга қўйилган бўлиши керак. Лекин бу талабларга жавоб берадиган биронта полигонни республикада учратмадик. Улар жуда ҳам ёмон аҳволда. Полигон учун белгиланган санитар меъёрлар мавжуд, ҳар қандай чиқиндихонани ҳам полигон деб айтиш тўғри эмас. Биздагилар эса шунчаки чиқинди уюми холос. Минг афсуски, улар турли касалликларни тарқатувчи манба бўлиб хизмат қилмоқда.
«Чиқиндиларнинг атиги 10 фоизи қайта ишланади»
Экология қўмитаси вакили Умаржон Абдуллаевнинг ахборотига кўра, мамлакатда мавжуд 80дан ортиқ чиқиндини қайта ишлаш корхоналари бир йилда республика бўйлаб ҳосил бўладиган чиқиндининг 10 фоизини қайта ишлайди. Асосан ПЭТ (полиэтилинтерафталат, яъни пластик) идишлар, қоғоз маҳсулотлари, қора ва металл буюмлар қайта ишланади. Мазкур корхоналар, аслида, кўпроқ миқдорда чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга. Улар ўз қувватидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш учун Россия ва Қозоғистон каби чет мамлакатлардан ҳам қайта ишланадиган чиқиндиларни сотиб олади.
Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш ДУК раҳбари Рафаэл Микулиннинг маълумот беришича, Яккасарой чиқиндиларни қайта юклаш станциясида тажриба тарзида чиқиндини саралаш тизими йўлга қўйилган. Бир кунда у ерда 150-200 тоннагача чиқинди сараланади. Тошкент шаҳридаги ишсиз, бошпанасиз, фуқаролик паспорти бўлмаган шахслар ўша ерда йиғилиб, бошпана, овқат, тиббий хизмат билан таъминланади, ойлик маош ажратилган. Улар пластик, целлофан, шиша, қоғоз, метални алоҳида саралаб олишади.
«Бизда ҳозир аҳоли чиқиндини саралаб ташламаяпти. Аҳоли ўзи сараласа, иш анча камаяди, полигонга борадиган чиқиндининг ҳажми ҳам қисқаради. 2028 йилгача қайта ишланадиган чиқинди миқдорини 60 фоизгача етказиш вазифаси қўйилган. Агар бир кунда Тошкент шаҳридан чиқаётган 2000 тонна чиқиндининг 60 фоизи сараланиб, қайта ишланадиган бўлса, полигонда жой ҳам тежалади, улар узоқроқ муддатга хизмат қилади», ─ дейди у.
─ Европада ҳосил бўладиган чиқиндининг 60 фоизи қайта ишлашга жалб қилинади. Чиқиндиларни турларга ажратиб ташлашда алоҳида контейнерлар ажратилган. Бир неча йил олдин Тошкентда ҳам худди шундай контейнерлар тизими йўлга қўйилган эди. Лекин тизим шунақаки, чиқинди барибир битта жойга олиб бориб ташланади. Яъни, ҳар бир хўжалик чиқиндини саралагани билан уларнинг барчаси битта машинага юклаб олиб кетилади ва битта полигонга жойлаштирилади.
Ҳозирда маиший чиқиндилар таркибида чиримайдиган чиқиндилар ҳиссаси ортиб боряпти. Чиримайдиган чиқиндилар атроф-муҳитни зарарлайди, ўзидан метан гази чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, иқлим ўзгаришларига сабаб бўлади. Бошқа томондан, бу чиқиндиларга тижорий нуқтаи назардан ҳам ёндашиш, уни қайта ишлаб, сотиш ҳам мумкин. Давлат, хусусан, экология қўмитаси бу йўналишга кўпроқ хусусий сектор вакилларини жалб қилиши лозим.
Германияда пластик ва шиша идишларни қабул қилиб оладиган автоматлар мавжуд. Улар олган баклажкаси эвазига белгиланган миқдорда чек беради. Бу чек орқали дўконларда ўша қийматда харидни амалга оширишингиз мумкин. Бизнинг аҳолимиз учун ҳам шунга ўхшаш хизматлар йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, ─ дейди Гулчеҳра Насирлаева.
Чиқинди чиқарадиган газлардан электр энергия олиш мумкин, бироқ...
Аксарият одамлар сўнгги манзилда йиғилган чиқиндилар ёқиб юборилади, деб ўйлайди. Полигон бўйлаб «экспедиция» чоғида ҳар ерда майда алангаларнинг борлигига, чиқинди уюмлари орасидан аччиқ, қора тутун чиқаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Лекин бу чиқиндини йўқотиш мақсадида қилинмаган, балки табиий равишда ҳосил бўлмоқда. Полигон учун масъул бўлган Абусабид Нишонбоевнинг айтишича, зичлаб жамланган чиқиндининг орасида метан гази йиғилади. У иссиқ об-ҳаво ёки енгил таъсир натижасида ҳам алангаланиб кетиши мумкин.
«Полигонда Япония фирмасининг ускуналари бор. Илгари улар чиқиндидан ажралаётган газни ёқиб, атмосферага тарқалишининг олдини оларди. Ҳозир бу жараён тўхтаб қолган, шунинг учун тўпланиб қолган метан газ миқдори ортиб, алангаланиш ҳоллари кўпайган», ─ дейди у.
Экология қўмитаси вакили Умаржон Абдуллаев бу жараённинг тўхтаб қолганига ойдинлик киритди.
─ Япония фирмаси ўз қурилмалари ёрдамида метан газни ёқиб юбориш йўли билан унинг атмосферага ажралишининг олдини олган. Бу заҳарли газларнинг атмосферага чиқишига қарши ҳаракатни кўзда тутувчи Киото протоколи доирасида қилинаётган эди. Киото протоколи 2018 йилдан тўхтатилгани боис, бу лойиҳа ҳам тўхтаган. Япон фирмаси бу қурилмаларни «Махсустранс»га ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Агар ўзимизга ўтказилса, кейинчалик Кореянинг Sejing компанияси мазкур ишни давом эттиради.
Атроф-муҳит чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланмаган
Маълум қилинишича, чиқинди полигонларини бунёд этишнинг санитар-эпидемиологик меъёрлари мавжуд бўлиб, унга кўра, полигонлар аҳоли турар жойлари, экин майдонлари, сув манбаларидан бир километр узоқликда жойлашиши керак.
«Чиқинди полигонлари ҳозирги кун талабига жавоб берадиган тартибда қурилмаган. Аҳолига ер ажратилиши натижасида улар тобора полигонга яқин ҳудудни эгаллаб борган. Айрим полигонларда меъёрларга риоя қилинмагани учун сув манбалари ва экин майдонларига яқинлиги маълум бўлди. Охирги икки йил мобайнида бундай жойлашувдаги полигонларнинг фаолияти тўхтатилиб, ёпиб ташланди», ─ дейди Умаржон Абдуллаев.
Эксперт: «Чиқинди шунчаки экологик муаммо эмас, ундан тижорий фойда олиш мумкин»
Мустақил эксперт Гулчеҳра Насирлаеванинг фикрича, чиқиндига фақатгина экологик муаммо эмас, балки тижорий фаолият прдемети сифатида ҳам ёндашиш мумкин.
− Бугунги кунда бу фойдали йўналишга айланиб улгурган. Хусусий корхоналар утилизация билан шуғулланиб, қандай фойда олиши, бу фаолиятни бошлаш учун қандай имтиёзларга эга бўлишини билса, утилизация масаласини ҳал этишда ҳукуматга ёрдам бериши мумкин..
Афсуски, биз қўйилган вазифаларни бажаришда қатор муаммоларга дуч келамиз. Мақсадлар бор, вазифалар белгиланган, фақат уларни бажариш босқичига келганда муаммо туғилади. Бундай муаммолар энг қуйи бўғиндан тортиб, идора ва вазирликлар даражасида ҳам учрайди. Зарарли чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича жуда кўп гапирилади. Аммо катта зарар манбаи бўлган электр чиқиндилар, мисол учун, батарейкаларни йиғиб олишнинг аниқ механизми мавжуд эмас. Батарейкаларни кундалик ҳаётимизда жуда кўп ишлатамиз. Улар Ўзбекистон ҳудудига кўп олиб кирилади. Батарейканинг ҳар бир донаси тупроққа катта зарар келтиради, у ўзида оғир металларни сақлайди. Бу мавзу кўп кўтарилган, уни ҳал қилиш кераклигини ҳамма билади. Лекин айнан қандай ҳал қилиш бўйича механизм йўқ. Ҳал қилувчи воситаларни тўғри татбиқ қилишни йўлга қўйиш керак, балки бунинг учун хорижий экспертларни жалб қилиш керакдир. Стратегияда жуда фойдали пунктлар келтирилган. Лекин бу ишларни қандай ва қай йўналишда амалга оширишни ўйлаб кўриш зарур, − дейди эксперт.
Дарҳақиқат, яна ўша гап: бизда қонунлар жуда зўр, фақат уларни ишлатиш муаммоси қолди. Агар ҳаммаси стратегияю концепцияларда белгиланганидек бажарилса, хўп-хўп. Аммо яна сансоларлик, ўзибўларчиликка йўл қўйилса, чиқинди уюмлари яқин орада остонамизга қадар етиб келиши ҳеч гап эмас. Айниқса, нафақат инсониятнинг ўзига, балки табиатга ҳам зиён етказадиган чиқиндилар борасидаги муаммолар «билмабмиз», «кўрмабмиз» қабилидаги ёндашувни қабул қилмайди...
Саодат Абдураҳмонова
Тасвирчи: Шерзод Эгамбердиев
Мавзуга оид
10:59 / 04.11.2024
Оҳангаронда ўзаро тўқнашган Cobalt машинаси ва Isuzu автобуси ёниб кетди
14:38 / 30.10.2024
Италияда фаррош аёл 50 минг евролик пул ва тақинчоқлар солинган эски тўшакни чиқиндига ташлаб юборди
11:46 / 30.10.2024
1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?
12:10 / 29.10.2024