Жаҳон | 16:20 / 25.07.2019
80980
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти телеканал орқали кўриниш берди

Фото : tdh.gov.tm

24 июль куни, 9 кунга чўзилган жимликдан сўнг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов давлат телевидениеси камералари қаршисида пайдо бўлди. Қўшни давлат раҳбари «Altyn Asyr» телеканалида кўриниш берган.

Кадрларда Ашхобод ҳокими Шомуҳаммад Дурдиалиев (президент администрацияси бошлиғи) президентга қатор қурилиш лойиҳалари, жумладан, Ахал вилоятида барпо этиладиган янги шаҳар - Ашхабод-сити лойиҳасини тақдим этгани ва президент лойиҳаларни тасдиқлагани кўрсатилган.

TDH агентлиги хабарида «давлат раҳбари вақтидан имкон қадар унумли ва максимал даражада самарали фойдаланиш тамойилига содиқ қолаётгани» қайд этилган.

Маълумот учун, бу Туркманистон президенти ўлими ҳақидаги тарқалган хабарлардан сўнг илк бор омма олдида кўриниш беришидир.

20-21 июль кунларида рус нашрларида Туркманистон президенти вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Кўп ўтмай Туркманистоннинг Москвадаги элчихонаси бу хабарларни рад этиб чиқди.

24 июль куни Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Гурбангули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллагани тўғрисида хабар тарқатганди.

Мавзуга оид