Жамият | 18:00 / 26.07.2019
115471
3 дақиқада ўқилади

Пенсия ёши оширилишига оид масалага ойдинлик киритилди

Бугун, 26 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Пенсия жамғармаси томонидан «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармон мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг ўтказилди.

Тадбирда тақдим этилган маълумотларга кўра, шу вақтга қадар пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган нафақа олувчиларнинг нафақа миқдорларига қўшимчалар умуман белгиланмаган бўлиб, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб илк бор I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчи, шу жумладан 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронларига жами 23 мингдан ортиқ шахсларга энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида, яъни 55 750 сўм миқдорда ойлик қўшимча тўловлар жорий қилинади.

Боқувчисини йўқотганлик нафақалари меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг сонига нисбатан амалдаги фоиз ҳисобида ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланиши белгиланган. Масалан, ҳозирги кунда икки нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси учун ҳар ойда 182,5 минг сўм нафақа олаётган оила, жорий йил августдан бошлаб ҳар ойда 327,1 минг сўм ёки 144,6 минг сўмдан (79,2 фоиз) кўп нафақа олишади. Бунинг натижасида республика бўйича 100 мингдан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.

Анжуманда журналистлар пенсия ёшининг оширилиши оид режалар бўйича берилган саволга Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳратжон Давронов жавоб берди.

«Ҳозирги кунда пенсияга оид ислоҳотлар бўйича концепция устида ишланяпти ва унда пенсия ёшини ошириш масаласи кун тартибига қўйилмаган. Аммо айтишим мумкинки, Ўзбекистон пенсия ёши энг паст давлатлардан бири ҳисобланади ва бу ёш собиқ иттифоқнинг 1956 йилдаги қонунчилигига кўра қабул қилинган. Қизиқ жиҳати, ўша пайтларда аҳолининг ўртача ёши 47 ёшни ташкил қилган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид